Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент шаҳрида аҳоли учун кўплаб уй-жойлар қурилмоқда. Мазкур уй-жойларга оилаларнинг кўчиб ўтиши натижасида ижтимоий объектларга, хусусан, таълим муассасаларига бўлган эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда.

Пойтахтимизнинг Сергели туманида ҳам кўп қаватли уй-жойлар қурилиб, янги мавзелар аҳолига топширилди. Мазкур мавзеларда яшовчи аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 2019 йилнинг 23 апрель куни туманда тўртта янги умумтаълим мактабларининг қурилиш ишлари бошланди. 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Ачилбай Раматов, Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Мактабгача таълим вазири Агрепина Шин, Қурилиш вазири Абдуқаҳҳор Тўхтаев, Қурилиш вазири ўринбосари Козим Тўлаганов мактабларнинг қурилиши олдидан ташкил этилган тадбирда иштирок этди.

Замонавий лойиҳалар асосида қурилаётган мактабларнинг ҳар бири 1,5 минг ўқувчига мўлжалланган бўлиб, 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб биринчи ўқувчиларни қабул қилади. Мазкур ўқув муассасаларининг ишга туширилиши Сергели туманида қурилаётган мавзелар атрофида жойлашган юқори коэффициентли мактаблардаги вазиятни яхшиланишига олиб келади.

Шу билан бирга, жорий йилда юқори коэффициентли 267- ва 303-мактаблар учун инвестиция дастури доирасида 360 ўринли қўшимча бино қурилиши режалаштирилган.

Халқ таълими вазирилиги
Ахборот хизмати

25.04.2019 12:20:06