Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов давлатимиз раҳбарининг ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларни бўш вақтини самарали ташкил этишга қаратилган 5 йўналишдаги ташаббусини амалга ошириш, ёш авлоднинг мусиқа, адабиёт ва санъатга бўлган қизиқишини янада ошириш, китобхонлик ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида Тошкент вилояти Бўка туманидаги 2-умумтаълим мактабига ташриф буюрди.

Мактабнинг мусиқа ва кутубхонасига замонавий пианино ва ёшлар мутолааси учун турли жанрдаги адабиётлар, Президент совғалари тақдим этилди. Ташриф чоғида мактабнинг фаоллар зали, спорт зали, информатика хоналари кўздан кечирилди ва дарслардаги ҳолат ўрганилди.

Мактаб кутубхона фондининг етарли китоблар билан таъминланганлиги, ўқувчиларга яратилган шароитлар кўздан кечирилди. Мактабнинг 10-синф ўқувчиси Худоёрхон Ҳабибуллаев ўзи ёзган шеърни таъсирли ва ифодали ўқиб берди, “Отамнинг орзуси” номли шеърий тўпламини меҳмонларга совға қилди.

 

Шунингдек, мактабнинг 10-синф ўқувчиси Мавлон Баҳромов Президентимизнинг 5 йўналишдаги ташаббусини инглиз тилида сўзлаб берди. Мактаб мусиқа хонасига ташриф чоғида ўқувчилар хорлигида миллий қўшиқлар жонли ижро этилиб, барчанинг олқишига сазовор бўлди. Шерзод Шерматов ўқитувчи ва ўқувчилар билан мулоқотда бўлди. Ўқитувчилар томонидан мактаб учун замонавий стадион ва қўшимча бино қуриб бериш таклифи киритилди.

Ташриф сўнггида вазир мана шундай ижодкор ва китобхон ёшлар сафини кенгайтириш лозимлигини таъкидлади.

ЎзА

12.04.2019 11:37:00