Хабарингиз бор, жорий йилнинг 19 мартидан “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси - 2019” танловида иштирок этиш учун онлайн рўйхатдан ўтиш бошланган эди. Шу кунга қадар танловда иштирок этиш мақсадида республика бўйича 85 минг нафардан ортиқ ўқитувчилар онлайн рўйхатдан ўтди. Эслатиб ўтамиз, рўйхатдан ўтиш 5 апрель куни соат 18:00 да тўхтатилади. Фаол ва ижодкор ўқитувчилар танловда иштирок этиш учун онлайн рўйхатдан ўтишни унутманг.

Танлов Низомига мувофиқ, 1-босқич халқ таълими туман (шаҳар) бўлимлари томонидан 3 та шарт асосида ўтказилади. Биринчи шарт – тест топшириғи. Иштирокчиларга танловда ўзи қатнашаётган фандан 20 та тест топшириғи берилади. Ҳар бир савол учун аниқ фанлардан 3 (уч), ижтимоий ва филология фанларидан 2 (икки) дақиқадан вақт берилади. Тўғри жавоб 2 (икки) баллдан баҳоланади, жами 40 (қирқ) баллни ташкил этади.

Эътиборли томони, танловни адолатли ўтказиш ва шаффофликни таъминлаш мақсадида тест топшириқлари онлайн тартибда, Республика таълим маркази томонидан тайёрланган материаллар асосида, ҳар бир туман (шаҳар)да белгиланган таълим муассасасининг компьютерларида тасдиқланган режа бўйича oнлайн тартибда ўтказилади.

Танлов иштирокчилари шуни инобатга олиши керакки, биринчи шарт натижаларига кўра 26 ва ундан юқори балл тўплаган ўқитувчиларгина иккинчи шартда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади.

Иккинчи шартда иштирокчилар томонидан қуръа ташлаш йўли билан танланган мавзу асосида дарс ишланмасини компьютерда ёзилади. Бу шарт учун 2 соат (120 дақиқа) вақт ажратилади.

Иккита шарт натижаларига кўра 40 ва ундан юқори балл тўплаган иштирокчиларгина учинчи шартда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади.

Учинчи шартда эса иштирокчилар иккинчи шартда ёзган дарс ишланмалари асосида  нотаниш синфда дарс машғулотини олиб боради. Дарс машғулоти ўтиладиган синфлар (параллел) қуръа ташлаш йўли билан аниқланади. Дарс машғулот ўтиш учун 45 дақиқа вақт берилади.

Шаффофликни таъминлаш учун танловда иштирокчилар томонидан ўтилган дарс машғулотларини видеотасвирга тушириш тавсия этилади. 

Танловнинг биринчи босқичида учта шарт бўйича 76 балл ва ундан юқори кўрсаткич қайд этган иштирокчилар орасидан ҳар бир фандан энг юқори балл тўплаган бир нафардан 1-, 2-, 3-ўринни эгаллаган совриндорлар аниқланади. 

Иштирокчиларнинг баллари тенг бўлиб қолган тақдирда, тегишли фан бўйича қўшимча 10 тадан тест саволлари бериш орқали ғолиб аниқланади. Ғолиб аниқлангунига қадар тест жараёни такрорий давом эттирилади. Бу эса танловда соғлом рақобатни янада кучайтиради.

Халқ таълими вазирлиги биринчи босқичга масъул ходимларни танловни адолатли ва шаффоф ўтказишга чақиради ҳамда барча иштирокчиларга омад тилайди!

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

05.04.2019 11:58:00