Самарқанд шаҳрида “Илм-фан – келажак пойдевори” шиори остида “Қизларжон” ўқувчи-қизлар саммити ўз ишини бошлагани тўғрисида хабар берган эдик.

Дастур асосида 24 март куни ўқувчи-қизлардан иборат 140 нафар иштирокчилар 4 гуруҳга бўлинган ҳолда тренингларда иштирок этишди. Биринчи гуруҳда қизлар TED-Ed клубларини ташкил этиш ва юритиш сирларини ўрганган бўлса, иккинчи гуруҳ иштирокчилари жамоада мулоқот қилиш (Soft skills) кўникмаларини ривожлантиришди.

Яна бир гуруҳ қизлар замонавий АКТ имкониятлари ва уларни ҳаётга тадбиқ этиш усулларини, тўртинчи гуруҳ иштирокчилари эса инновацион менежмент, маркетинг ва PR орқали инвестицияларни жалб этиш бўйича билимларини бойитди.

Иштирокчилар, шу билан бирга, Ўзбеккино Миллий агентлиги актёри Жавоҳир Зокировнинг “Ўзини намоён этиш санъати ва ўзига ишончни ривожлантириш” мавзусидаги ва фалсафа фанлари доктори (профессор) Жамила Шермуҳамедованинг “Замонавий аёл имижи” мавзусидаги маҳорат дарсларида иштирок этишди.

Кун якунида “Қизларжон” ўқувчи-қизлар саммитининг иштирокчилари Самарқанд шаҳридаги Регистон ансамбли бўйлаб саёҳат қилишди ва тарихий обидалар билан танишишди.

Эслатиб ўтамиз, ўқувчи-қизлар саммити 26 март кунига қадар давом этади.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

25.03.2019 12:29:13