Мамлакатимизда жорий йилнинг март ойи бошида қизларнинг ҳар томонлама салоҳиятини ошириш ва уларни технология соҳасига жалб этиш мақсадида DigiGirlz High Tech Camp Uzbekistan таълим дастури ўтказилади.

DigiGirlz – Microsoft компаниясининг лойиҳаси бўлиб, таълим, фан, технология, муҳандислик ва математика соҳасидаги инвестиция дастури ҳисобланади. Мазкур дастур ёш қизларга технология соҳасини ҳамда янги инновациялар билан танишиш имконини беради. Шунингдек, дастур ходимларни иқтисодиётнинг глобал муаммоларига тайёрлаш учун мўлжалланган.

Таъкидлаш жоизки, дастур Ўзбекистонда илк маротаба 2018 йилда ўтказилган эди. Жорий йилда ҳам Тошкентдаги Инҳа университети иштирокчиларни 2-, 3- ва 6-март кунлари қабул қилади. Дастурда Microsoft компаниясининг Марказий ва Шарқий Европадаги бош менежери Анке Ден Оуденнинг иштирок этиши ва лойиҳа иштирокчилари билан ўз тажрибаси ҳақида ўртоқлашиши кутилмоқда.

Таълим дастури икки қисмдан иборат. Биринчи қисмда иштирокчилар Microsoft компанияси вакиллари ҳамда мутахассисларининг технология соҳасида аёллар ноанъанавий тарзда эришган ютуқлари борасидаги маърузаларини тинглайди. Ушбу маърузалар қатнашчиларга бу соҳадан нималар кутишини ва қандай ишларни амалга оширишлиги мумкинлигини тушунишга имкон беради.

Дастурнинг иккинчи қисми эса амалий машғулотлардан иборат. Қатнашувчилар техник машғулотларда иштирок этиб, Ардуино тўпламидан фойдаланадиган қурилмаларни яратади.

Дастур 12-14 ёшдаги (кичик гуруҳ) ҳамда15-17 ёшдаги (катта гуруҳ) қизларга мўлжалланган. Ушбу лойиҳага қизиқишни билдирувчилар жорий йилнинг 23-февралигача http://www.digigirlz.uz сайтида рўйхатдан ўтишлари мумкин. Жойлар сони чекланган (60 киши - кичик гуруҳ ва 40 киши катта гуруҳ учун).

DigiGirlz High Tech Camp Uzbekistan дастурининг ташкилотчилари Microsoft компанияси ҳамда Тошкентдаги Инҳа Университетидир. Эслатиб ўтамиз, тадбир Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги кўмагида ўтказилмоқда.

 

Халқ таълими тизимига оид сўнги янгиликлар билан вазирликнинг телеграм канали орқали ҳам танишиб боришингиз мумкин.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмат

18.02.2019 09:00:00