Жорий йил 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик“ деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Лойиҳаси Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. 
Резолюциянинг қабул қилиниши 2017 йил сентябр ойида Ню-Ёрк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббуснинг амалий ифодаси бўлди. 
Давлатимиз раҳбари БМТ юксак минбарида туриб сўзлар экан, Ўзбекистон томонидан таклиф этилган резолюциянинг асосий мақсади “барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат“ эканини қайд этди. Ҳужжат “бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашиш“га қаратилган. 
Ушбу ташаббусни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги қатор бошқа идоралар билан ҳамкорликда резолюция лойиҳаси матнини ишлаб чиқиш ва уни Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо барча давлатлар билан келишиш бўйича тизимли ишлар олиб борди. 
Мамлакатимизнинг Ню-Ёрк шаҳридаги Доимий ваколатхонасидан маълум қилишларича, БМТга аъзо давлатлар билан ушбу ҳужжат лойиҳасига доир кўплаб ва ҳар томонлама музокаралар якунлари бўйича 12 декабрь куни Президентимизнинг ташаббуси ҳаётга татбиқ этилди. БМТ Бош Ассамблеяси ялпи мажлиси давомида “Маърифат ва диний бағрикенглик“ резолюцияси қабул қилинди. 
Мазкур резолюция нафақат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватлангани, балки Шимолий Америка ва Лотин Америкаси, Осиё, Африка ва бошқа қитъаларнинг 50 дан зиёд мамлакати билан ҳаммуаллифликда қабул қилингани эътиборга молик. Бу халқаро ҳамжамият томонидан Ўзбекистон раҳбари ташаббусининг долзарблиги ва ўз вақтида илгари сурилган таклиф эканининг юксак эътирофидан далолатдир. 
Ҳаммуаллифлар қаторида Озарбайжон, Жазоир, Баҳрайн, Беларус, Гана, Миср, Ҳиндистон, Қозоғистон, Канада, Қатар, Қирғизистон, Ливан, Марокаш, БАА, Ўмон, Покистон, Корея Республикаси, Россия, Саудия Арабистони, Цингапур, Судан, Тожикистон, Таиланд, Тунис, Туркманистон, Филиппин, Япония ва бошқа давлатларни қайд этиш жоиз. 
Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган резолюцияда маърифатпарварлик ғоясини илгари суриш қайд этилиб, сайёрамизда хавфсизлик ва тинчликни мустаҳкамлаш йўлидаги интеграция, ўзаро ҳурмат, инсон ҳуқуқлари ҳимояси, муроса ва ўзаро англашувнинг нечоғли муҳимлиги эътироф этилади. 
Ҳужжатда динлар, маданиятлар ва конфессиялараро муносабатлардаги уйғунликни рағбатлантириш ҳамда айрим шахсларга нисбатан дин ва эътиқодлар замиридаги камситишларга йўл қўйилишига қарши курашишга қаратилган барча халқаро, минтақавий ва миллий ташаббуслар қўллаб-қувватланади. 
Эътиборга лойиқ жиҳати шундаки, ушбу ҳужжат барча аъзо давлатларнинг фикр, виждон, дин ёки эътиқод эркинлигини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришга доир саъй-ҳаракатларини фаоллаштириш ва шу асосда: 

а) бутун жамиятда турли дин ва эътиқодлар, уларнинг юрисдикцияси доирасида амал қилувчи турфа диний озчиликлар тарихи, анъаналари, тили ва маданияти ҳақида янада кенг билимларни тарғиб қилиш орқали таълим ва бошқа воситалар ёрдамида дин ва эътиқод эркинлигига доир барча масалаларда ўзаро англашув, бағрикенглик, камситишга йўл қўймаслик борасидаги саъй-ҳаракатлар ва ҳурматни рағбатлантириш; 
б) миллий ва халқаро даражада маданиятлараро ҳамкорлик ва тинчлик ўрнатишга қаратилган фаолиятнинг турли кўринишларини қўллаб-қувватлаш; 
в) илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлашга ундайди. 
Таъкидлаш жоизки, резолюциянинг мақсад ва мазмуни БМТ доирасида қабул қилинган муҳим ҳужжатлар, жумладан, БМТ Низоми, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш мақсадлари, Дин ёки эътиқодлар замиридаги муросасизлик ва камситишларнинг барча шаклларини бартараф этиш тўғрисидаги декларация, шунингдек, БМТ Бош Ассамблеясининг мавзуга доир анъанавий резолюциялари қ 
оидаларига тўлиқ мос келади. 
Айни пайтда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган ҳужжатда аъзо давлатларга миллий ва халқаро ОАВлар, жумладан, Интернет тармоғида кенг кўламли тарғибот ишларини йўлга қўйиш, бағрикенглик, зўравонликка барҳам бериш ҳамда дин ва эътиқод эркинлигига доир маърифий ахборот тарқатиш каби тегишли коммуникацион стратегияни жорий этиш таклиф қилинмоқда. 
Ушбу ҳужжат инсон ҳуқуқлари, турфа дин ва эътиқодларни ҳурмат қилиш асносида барча даражада бағрикенглик ва тинчлик маданиятини рағбатлантириш мақсадида глобал мулоқотга кўмаклашишга доир халқаро саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга ундашини қайд этиш лозим. 
Бундан ташқари, резолюцияда таълим, илм-фан, маданият воситасида миллатлараро ҳамкорликни кенгайтириш орқали ЮНЕСКОнинг дунёда тинчлик ва хавфсизлик ўрнатишдаги муҳим роли эътироф этилади. 
Ўзбекистон резолюциясини қўллаб-қувватлаш мақсадида БМТ Бош Ассамблеяси мажлисида Кувайт, Бирлашган Араб Амирликлари, Марокаш, Ўмон, Озарбайжон, Панама, Европа Иттифоқи, бошқа қатор давлатлар делегациялари сўзга чиқиб, Ўзбекистонга ўта муҳим ва ўз вақтида илгари сурилган ташаббус, шунингдек, унинг матнини келишиш бўйича норасмий маслаҳатлашувлар чоғида билдирилган очиқлик учун миннатдорлик изҳор қилди. 
БМТ Бош Ассамблеяси мазкур резолюциянинг бир овоздан қабул қилиниши Президентимизнинг турли миллат ва конфессиялар ўртасида ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва бирдамлик муҳитини мустаҳкамлаш, конфессиялар, миллатлар ва маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш ва асраш, юртимизда тинчлик ва тотувликни таъминлашга қаратилган изчил ва пухта ўйланган стратегияси халқаро ҳамжамият томонидан тўла қўллаб-қувватланаётганининг яққол далилидир. 

ЎзА

14.12.2018 10:16:00