Германиянинг ўқитувчилар малакасини ошириш бирлашмаси раиси педагогика ва психология фанлари доктори, Профессор Вилли Ролф Ханиш юртимизда педагогларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича семинар-тренинг ўтказиш учун Ўзбекистонга келди.

Семинар Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида бўлиб ўтмоқда. Семинар-тренинг ташкил этишда Гёте институтининг Ўзбекистондаги офиси яқиндан ёрдам берди.

Семинарнинг дастлабки кунида хорижлик мутахассис институт фаолияти, шунингдек, мамлакатимизда ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими, механизми, ўқув режа ва дастурларни ишлаб чиқиш, тингловчиларни курсларга жалб этиш, касбий компетенциясини баҳолаш жараёни билан яқиндан танишди.

Ўз навбатида, у Германияда малака ошириш тизимнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида атрофлича маълумот берди.

Мисол учун, юртингизда педагоглар малакасини ошириш учун 144 соат, Германияда эса 66 соат ажратилади. Шунингдек, Курс машғулоти малака ошириш марказида эмас, ўз мактабида масофавий шаклда ўқитилади. Тингловчининг ўзлаштириш натижаси синфда ўтаётган дарсини онлайн кузатиш орқали аниқланади.

Профессор Вилли Ролф Ханиш иштирокидаги семинар-тренинглар 22 ноябрга қадар давом этади. Жумладан, у Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳузуридаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий маркази ҳамда Мирзо Улуғбек туманидаги 112-сонли умумтаълим мактаби мисолида масофавий малака ошириш тизимини татбиқ этиш истиқболларини ўрганади.

Вилли Ролф Ханиш Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлади ва тарихий обидалар билан яқиндан таништирилади.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

12.11.2018 12:50:00