Сурхондарё вилоят ҳокимияти, вилоят прокуратураси, вилоят халқ таълими бошқармаси ва Шўрчи туман ҳокимияти вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳ тумандаги вилоят кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ётоқ жой етишмаганлиги ҳақидаги хабарларни ўрганиб чиқди.

Айни вақтда Шўрчи туманидаги вилоят кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатида 265 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Уларнинг 206 нафари муассасаса ётоқхонасида истиқомат қилади. Қолган 59 нафар ўқувчи ўз уйидан мактаб-интернатга қатнаб ўқийди. 

Сурхондарё вилоят халқ таълими бошқармаси тақдим этган маълумотига кўра, ўрганиш жараёнида мактаб-интернат кутубхоначиси С.Эргашева ва бошқа ўқитувчилар билан суҳбат ўтказилди. 

Аниқланишича, 2019 йилнинг 20 сентябрь куни 3-“Б” синф ўқитувчилари М.А. ҳамда С.Қ.  ўқувчиларни дарсдан олиб чиқиб, мактаб-интернати кутубхонасига полга матрас кўрпаларни тўшаб, ўқувчиларни ётқизган ҳолда расмга олган. Сўнгра ўқувчиларни ётоқхонадаги ўзларининг яшаш жойларига чиқариб юборган. Ушбу ҳолатни мактаб-интернат ўқитувчиси Б.Ж. ижтимоий тармоқларга жойлаштирган.

Ишчи гуруҳ вакиллари 3-“Б” синф ўқувчилари билан ҳам суҳбат ўтказди. Улар ҳеч қачон полда ётмаганлигини ва барча ўқувчиларга ўқиш ҳамда ётоқхоналарда тўлиқ шарт-шароитлар яратилганлигини маълум қилишди.

Сурхондарё вилоят халқ таълими бошқармаси Шўрчи туманидаги вилоят кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқитувчилари Б.Ж., М.А. ва С.Қ. ларнинг ушбу хатти-ҳаракатларини қонун доирасида кўриб чиқилиши бўйича туман прокуратурасига мурожаат қилди.  Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича Шўрчи туман прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

09.10.2019 20:20:00