Алимханова Феруза Батирджановна “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси - 2019” танловининг республика босқичида 1-ўринни эгаллади.

У 1985 йилнинг 16 июлида Тошкент шаҳрида таваллуд топган.

Тошкент шаҳри, Учтепа туманидаги 193-мактабнинг 1-тоифали информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчиси.

Ҳар бир дарсини қизиқарли, самарали, янги педагогик технологиялардан унумли фойдаланган ҳолда ташкил этади. Дарсларини қизиқарли ўтибгина қолмай, ўқувчиларни билимини ошириб, қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда касбга йўналтира олади. Ўқувчилар бўш вақтларини мазмунли ташкил этади. Қўшимча адабиётлардан фойдаланган ҳолда ўқувчиларнинг компьютер саводхонлигини оширишда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

2017 йил Халқ таълими вазирлиги томонидан “Информатика дарсларида ўқувчиларда мантиқий ўқув фаолиятини шакллантириш йўллари тўғрисида”ги видеосеминар йиғилишида “MS Excel нинг саноқ системалари билан боғлиқ баъзи функциялари” мавзусида, 2018 йил “MS PowerPoint нинг имкониятлари” мавзусида дарсдан ташқари ўтказган машғулотлари ҳамда иш тажрибаси Республика миқёсида оммалаштирилди.

Феруза Алимханова 2017 йилдан буён Республика таълим маркази қошидаги “Информатика ва ахборот технологиялари” фани йўналиши бўйича Илмий-методик кенгашининг аъзоси ҳамда Информатика ва ахборот технологиялари фани дарсликларини чоп этилиши учун тайёрлашда эксперт гуруҳи аъзоси. Шунингдек, Информатика ва ахборот технологиялари фани бўйича ўқувчиларда компетенцияларни шакллантиришга йўналтирилган давлат таълим стандарти ва ўқув дастурларини такомиллаштириш бўйича ишчи гуруҳ таркибида фаолият олиб бормоқда.

2018-2019 ўқув йили Информатика ва ахборот технологиялари фанидан босқичли имтиҳон материаллари тақризчиси.

2017 йил сентябрь ойида Тошкент шаҳар Информатика ва ахборот технологиялари ўқитувчилари билан бирга Корея Республикасининг Сеул шаҳрида ахборот-технологиялари бўйича ўқув семинари – малака ошириш курсига борган. 2018 йил декабрь ойида Туркиянинг Эдирна шаҳрида бўлиб ўтган интеграциялашган таълим мавзусидаги ўқув-амалий семинарида иштирок этди.

У синф раҳбари сифатида ҳам ўқувчиларнинг таълим ва тарбияси билан шуғулланиб, ёш авлодга билим бериб, уларни ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, камтарлик руҳида тарбиялашга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Халқ таълими вазирлиги 
Ахборот хизмати

17.09.2019 15:05:00