Халқ таълими вазирлиги томонидан жорий йилнинг 16 сентябрь куни “Президент мактаблари – юртимизда таълим сифатини оширувчи локомотив” мавзусида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун медиа-тур ташкил этилди.

Эслатиб ўтамиз, Президент мактаблари юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 20 февралдаги “Президент мактабларини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарорига асосан ташкил этилган бўлиб, мамлакатимизда иқтидорли ёшларни ўқитиш тизимини яратиш ҳамда келгусида уларда раҳбарлик ва етакчилик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган.

Илк Президент мактаби Тошкент шаҳрида иш бошлади. Aйни пайтда Наманган, Нукус ва Хивада Президент мактабларининг қурилиш ва жиҳозлаш ишлари якунланмоқда.

Президент мактабларининг дастлаб чекланган миқдорда ташкил этилиши ушбу муассасаларни бошқариш учун мутлақо янги моделни синаб кўриш зарурати билан боғлиқ. Синовдан сўнг, Президент мактаблари 2020 йилда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида, 2021 йилда Aндижон, Навоий, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида қуриш режалаштирилган.

Президент мактабига кириш имтиҳонлари

Жорий йилда кириш имтиҳонлари Наманган, Нукус, Хива ва Тошкентда икки босқичда бўлиб ўтди. Дастлаб, саралаш имтиҳонларида қатнашиш учун 28 452 нафар номзод рўйхатга олинди. Шундан 27 471 нафари имтиҳонда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди. 27119 нафар номзод эса саралаш имтиҳонларида иштирок этди.

Саралаш босқичи имтиҳони натижаларига кўра, 12 мингга яқин ўқувчи асосий имтиҳонларда иштирок этишни қўлга киритди. Aсосий имтиҳонларда битта ўринга даъвогарлар сони 20 кишини ташкил қилди.

Имтиҳон натижаларига кўра ҳар бир мактабга 144 ўқувчи қабул қилинди (ҳар бир синфда 24 ўқувчи).

Президент мактабларида асосий ва дастлабки синовлар “Cambridge Assessment International Education” мутахассислари томонидан ўтказилди.

Таъкидлаш жоизки, Халқ таълим вазирлиги Президент мактабига кира олмаган бир гуруҳ ўқувчиларга юртимиздаги бошқа ихтисослаштирилган мактабларда таълим олишни тавсия қилди. Улар ушбу ихтисослаштирилган мактабларга имтиҳонсиз қабул қилинди.

Ўқув жараёни

Президент мактаблари интернат сифатида фаолият кўрсатмоқда. Яъни, ўқувчилар 5 кун давомида мактаб ҳудудида (кампусда) яшаб, ўқишади. Дам олиш кунлари ота-оналар фарзандларини уйга олиб кетишлари мумкин.

Президент мактаби ўқувчилари бепул мактаб формаси ва овқат билан таъминланади.

Президент мактабларида ўқув жараёни “STEAM - таълим“ дастури (Science — табиий фанлар, Technology — технологиялар, Engineering — техник ижодкорлик, Art — санъат, Mathematics — математика) бўйича олиб борилади. Бу эса иқтидорли ёшларнинг фикрлаш қобилияти, ирода, ижодий салоҳияти, мослашувчанлигини ривожлантиришга имкон беради. Ушбу йўналишдаги дарслар инглиз тилида олиб борилади. Айни пайтда мактаб STEAM методологияси бўйича дарслик ва ўқув қўлланмалар билан таъминланган.

Ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва юртга садоқат руҳида тарбиялаш учун Президент мактабларида ўзбек тилида ўқитиладиган она тили ва адабиёти, тарих ва бошқа фанларни чуқур ўрганишга алоҳида эътибор берилади.

9-11-синф ўқувчиларининг қизиқишлари ва хусусиятларига қараб, Президент мактабида таълим ўқув жараёнини индивидуализация қилинган ҳолда олиб борилади.

Президент мактаблари битирувчилари белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган шаҳодатнома, аттестат билан бир қаторда, халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels)га эга бўлади. Бу эса ўз навбатида хорижий олий ўқув юртларига кириш имконини беради.

Канаданинг “Teachaway” ҳамда Буюк Британиянинг “TIC Recruitment” рекрутинг компаниялари билан ҳамкорликда мактабга 30 нафар чет эллик мутахассис танлаб олинди. Шунингдек, 72 нафар тажрибали ва малакали маҳаллий ўқитувчи ҳам жалб этилди. Уларнинг барчаси махсус имтиҳондан ўтказилди.

Cambridge Assessment International Education вакиллари томонидан маҳаллий ва хорижий мутахассислар учун Кембриж ўқув дастурлари асосида махсус тренинглар ўтказилди. Шунингдек, Cambridge ўқув дастурини амалга оширишнинг ижобий тажрибасини ўрганиб, уни мамлакатимиздаги бошқа мактабларда қўлловчи маҳаллий мутахассислар жамоаси шакллантирилди.

Аҳамиятлиси, Президент мактаблари ўзига хос билимлар марказига айланади. Мактаб маъмурияти ва ўқитувчилар илғор педагогик тажрибани ўрганиб, ҳаётга татбиқ этади. Бир сўз билан айтганда, Президент мактаблари республикамизда таълим сифатини оширувчи ўзига хос локомотивга айланади.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

16.09.2019 19:30:55