Халқ таълими вазирлиги томонидан “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг Республика босқичи жорий йилнинг 11-13 сентябрь кунлари Республикамизнинг барча вилоятларида фанлар кесимида ташкил этилди. Жумладан, Тошкент вилоятида она тили ва адабиёти, Тошкент шаҳрида жисмоний тарбия, Андижонда математика, Қашқадарёда информатика ва ахборот технологиялар, Бухорода физика, Сирдарёда биология, Жиззахда кимё, Самарқандда география, Фарғонада давлат тили, Сурхондарёда бошланғич таълим, Хоразмда давлат ва ҳуқуқ асослари, Наманганда мусиқа, Навоийда инглиз тили фанларидан ўтказилди.

Ушбу танловнинг Республика босқичида ўз фанлари бўйича ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритган ўқитувчилар иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси - 2019” танловининг Республика босқичида иштирокчи ўқитувчилар қуйидаги шартлар асосида беллашди: биринчи босқич ижтимоий тармоқларда тўплаган овозлар сонига қараб 20 балл, иккинчи босқич дарс ўтиш машғулотлари асосида 50 балл ва учинчи босқич тест синовлари 30 балл, жами 100 баллик асосда баҳоланди.

Бундан ташқари иштирокчиларнинг холис баҳоланишини таъминлаш мақсадида ҳар бир ҳудуддан бир нафар вакил ҳакамлар ҳайъати аъзолари таркибига киритилди. Шунингдек, ҳудудларда ўтказилаётган танловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жараёнларига Халқ таълими вазирлигидан масъул вакиллар иштирок этди.

“Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси - 2019” кўрик-танлови ғолиби деб топилган юксак касб маҳоратига эга, энг илғор, энг ташаббускор ва энг ижодкор ўқитувчилар 1 октябр – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” умумхалқ байрами муносабати билан ташкил этилаётган тантанали тадбирда тақдирланади.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

13.09.2019 21:07:06