Жорий йилнинг 25 май куни республикамизнинг барча 9 628 та умумтаълим мактабларида 2017-2018 ўқув йилининг якунига бағишланган “Қадрдон мактабимиз бағрида ўқиб-ўрганиб, доимо изланиб, янгиликка, тараққиёт чўққиларини эгаллашга интилиб яшаймиз!” тадбирлари бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирлар “Дунёда энг катта бойлик – ёшликда олинган билим ва эгалланган касб-ҳунардир” шиори остида кўтаринки руҳда ўтказилди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Тадбирларда 4 млн. нафардан зиёд ўқувчилар, 1,1 млн. нафардан ортиқ ота-оналар ва 10 минг нафарга яқин жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Сўзга чиққан педагог ва ота-оналар юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, таълим тизимидаги ислоҳотлар ҳақида алоҳида тўхталди.

Билимлар беллашуви, инновацион олимпиада ва “Умид ниҳоллари”да муваффақиятли иштирок этган, аъло баҳоларга ўқиган, намунали хулққа эга бўлган 50 минг нафардан ортиқ ўқувчилар ҳамда уларнинг ўқитувчилари фахрий ва мақтов ёрлиқлари билан тақдирланди.

Тадбирларда келгуси ўқув йилидан бошлаб бошланғич синфларда ҳафтасига 5 кунлик ўқиш тизимига ўтилиши ва 11 йиллик умумий ўрта таълим тизимининг мазмун-моҳияти ота-оналар ва кенг жамоатчиликка тушунтирилди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Бу йил 9-синф битираётган 475 276 нафар ўқувчилар ўзлари ўқиётган мактабларнинг 10-синфига ёки академик лицейларнинг биринчи босқичига тўлиқ қамраб олиниши ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, ёзги таътил даврида ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш мақсадида:

–    ўқувчиларни ижодий ва спорт тўгараклари, оромгоҳларга жалб этиш;

–    бадиий адабиёт ўқиш учун мактаб кутубхоналари имкониятларидан унумли фойдаланиш;

–    юртимизнинг диққатга сазовор жойларига оилавий саёҳатлар ташкил этиш;

–    ёзги таътил даврида мактабларда бошланғич синф ўқувчилари учун соат 9:00 дан  - 12:00 гача, юқори синф ўқувчилари учун соат 16:00 дан – 19:00 гача соғломлаштириш майдончаси фаолият кўрсатиши;

–    таътил даврида амал қилиниши лозим бўлган техника ва бошқа хавфсизлик қоидалари, сув ҳавзаларида чўмилиш, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилиш юзасидан тушунчалар берилди.

Тадбирлар давомида кўнгилсиз ҳолатлар содир этилмади.

Халқ таълими вазирлиги
Матбуот хизмати

 

25.05.2018 18:00:00