Аввал хабар берилганидек, Халқ таълими ва Адлия вазирликлари ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари асосида замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда аниқ ва табиий фанлар, шунингдек, чет тилларининг чуқур ўқитилишини таъминлаш мақсадида Хоразм вилояти, Шовот туманидаги айрим фанлар чуқур ўрганиладиган 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатига “Ал-Хоразмий номидаги халқаро физика ва математика мактаби” мақомини бериш таклиф этилган эди. Мазкур қарор лойиҳасини янада такомиллаштириш учун https://regulation.gov.uz сайтида жорий йилнинг 13 сентябрига қадар муҳокама учун ҳавола этилди.

Қарор лойиҳасига кўра, бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Хоразм вилояти маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан халқаро мактабни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, қайта жиҳозлаш, шунингдек, мактаб учун 20 ўринли меҳмонхона биносини қуриш режалаштирилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб, халқаро мактабнинг 7-синфига математика ва чет тили фанларидан тест синови ҳамда психологик-педагогик диагностика асосида 60 нафар ўқувчи қабул қилинади.

Халқаро мактабда ўқувчиларга янада чуқурроқ билим бериш, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаси ва ўқитиш методикасини татбиқ этиш учун хорижий мамлакатлардан ўқитувчиларни ишга қабул қилиш ҳамда аниқ ва табиий фанлар, шунингдек, чет тилларини чуқур ўқитилишини таъминлаш мақсадида илғор хорижий мамлакатлар ўқув дастурлари татбиқ этилади.

Шовот туманидаги1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати 1976 йил сентябрь ойидан фаолият кўрсата бошлаган. Мактаб-интернатида дастлаб математика ва физика фанлари чуқур ўрганиладиган синфлар ташкил этилган.

Мазкур таълим маскани 1985 йилда иқтидорли болалар мактаб-интернати сифатида қайта ташкил этилди. Ушбу мактаб-интернатда самарали фаолият олиб борганустозлардан Шомурод Жуманиёзов “Халқўқитувчиси”, Қўзибой Отабоев“Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими”, Спартак Воҳидов ва Аҳмед Собиров “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвонларига сазовор бўлган, МунавварАсқарова “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган. Шунингдек, 30 нафар ўз касбининг фидоийи ўқитувчилари «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони билан мукофотланган.

Мактаб-интернати 1999 йилда ўтказилган “Йил мактаби” кўрик-танловининг республика босқичида муносиб иштирок этган. Мактаб ўқувчилари 2002 йилда«Сиз қонунни биласизми?»,2003 йилда ЭҲМ дастурлари тайёрлаш каби йўналишлардаги Республика танловларида ҳамда 2011, 2013 ва 2015 йилларда билимлар беллашувининг Республика босқичида муваффақиятли иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритишган.

Ўтган йиллар мобайнида ушбу таълим масканини 3979 нафар ўқувчи тамомлаган. Мактабда олган пухта билимлари натижасида уларнинг 85-90 фоизи таълимнинг кейинги босқичларида ўқишни давом эттиришган.

Хусусан, бугунги кунда олий таълим муассасаларини тамомлаган ушбу мактаб ўқувчиларининг 728 нафари иқтисодиёт, 672 нафари педагогика, 602 нафари саноат, 470 нафари қурилиш, 346 нафари тиббиёт,489 нафари ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва ҳарбий йўналиш, 672 нафариқишлоқ хўжалиги ва бошқа турли соҳаларнинг етук мутахассиси сифатида мамлакатимиз ривожи учун хизмат қилиб келмоқда.

Бундан ташқари, мактабнинг собиқ битирувчиларининг 20 нафари аниқ, табиий ва техника фанлари йўналишида фан номзоди илмий даражасини ва 1 нафари фалсафа фанлари доктори даражасиниолишгасазовор бўлди.

Мактаб-интернатини 2010-2011 ўқув йилида тамомлаган Ҳакимбой Эгамберганов 2014 йилда Қозоғистонда бўлиб ўтган ёш математиклар иштирок этган халқаро мусобақада олтин медални, кейинчалик 2015 йил август ойида Болгариянинг Благоевград шаҳрида бўлиб ўтган ҳалқаро мусобақада олтин медални қўлга киритиб, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Бугунги кунда педагоглар жамоасига тажрибали педагог Музаффар Дўсчанов раҳбарлик қилмоқда. Айни пайтда таълим масканида 67 нафар педагог ва тарбиячи ходим фаолият юритмоқда. Педагогларнинг 22 нафари олий, 8 нафари биринчи, 12 нафари иккинчи малака тоифасига эга.

Мактаб-интернатда мавжуд бўлган 300 нафар ўқувчи ўрнига мўлжалланган ётоқхона, ошхона, иссиқ хона, спорт зали, спорт майдончалари, 18 та фан хонаси ва лабораторияси, кутубхона, маънавият хонаси, тиббий хона, дам олиш хонаси жамоа аъзоларининг таълим-тарбия ишларини юқори савияда ташкил қилишларида муҳим омил бўлмоқда.Шунингдек, таълим муассасасида тажрибали педагоглар томонидан иқтидорли ёшларга физика-математика, математика-хорижий тиллар, тарих-биология, математика-кимё, кимё-биология вахорижий тиллар - рус тили йўналишлари бўйича пухта билим бериб келинмоқда.

Ўтган давр мобайнида мактаб-интернати иқтидорли болаларни танлаш ҳамда уларга таълим-тарбия бериш соҳасида таянч-тажриба ўқув даргоҳларидан бирига айланди.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

06.09.2019 19:16:00