Нурафшон шаҳридаги мукаммал таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилган 32-мактабнинг очилиш маросими 4 сентябрь куни бўлиб ўтди.

Тантанали маросимда Халқ таълими вазири ўринбосари Темуржон Комилов, KT Corporation ходимлари, шунингдек Нурафшон шаҳар ҳокимияти мутасаддилари иштирок этди.

Эътиборлиси, янги ўқув йилининг биринчи кунида ўқувчиларга янги ўқув-компьютер хонаси фойдаланишга топширилди. Компьютерлар “Мактаб таълимида ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш” лойиҳаси доирасида мактабга етказилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 20 июлдаги ПП-2563-сонли қарорига мувофиқ, Корея экспорт-импорт банки Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик фонди иштирокидаги “Мактаб таълимида ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш” лойиҳаси (лойиҳада хорижий инвестициялар миқдори 33 млн АҚШ доллари) амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида жорий йилнинг 7 июнь куни Халқ таълими вазирлиги ва Корея Республикасининг KT Corporation компанияси ўртасида 2766 та умумтаълим мактабларининг жами 2859 та ўқув-компьютер хоналарини компьютер техникалари билан таъминлаш бўйича шартнома имзоланган эди.

Мазкур шартнома бўйича ўқув-компьютер хоналарини компьютер техникалари билан таъминлаш ишлари 2019-2020 йилларда амалга ошириш кўзда тутилган бўлиб, янги ўқув йили бошланиши арафасида компьютер техникалари таълим муассасаларига етказиб берилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

05.09.2019 16:20:09