UMS мобил оператори ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги халқ таълими тизими ишчиларига мобил алоқа хизматларини кўрсатиш бўйича ҳамкорлик Келишувини тузди.

2019 йилнинг 3 июлида Халқ таълими вазири ўринбосари Сарвар Бабаходжаев ва «UMS» МЧЖ Тижорат директори Лола Филатова ушбу ҳужжатни имзолади.

Келишувнинг мақсади – халқ таълими ходимлари касбий вазифасини бажаришлари учун қулай шарт-шароитларни яратиш ҳамда уларнинг замонавий педагогик технологиялар, сифатли мобил алоқа ва Интернетдан фойдаланишларини яхшилашдан иборат. Бунинг учун UMS компанияси иккита «O‘qituvchi» имтиёзли тариф режаларини ишлаб чиқди.

- UMS мобил операторининг иш ҳамкорлари ва дўстлари кун сайин ортиб бормоқда. Эндиликда улар қаторида Халқ таълими вазирлиги ҳам ўрин олди. Биз вазирлик билан кўплаб ўзаро манфаатли масалалар, шу жумладан, ХТВ тизими хизматчилари учун қулайликлар яратиш борасида иш олиб бордик. Шундай тарзда имтиёзли тариф режалари ишлаб чиқилди. Умид қиламизки, халқ таълими соҳаси вакиллари маҳсулотларимизга етарлича баҳо беришади, - дейди «UMS» МЧЖ Тижорат директори Лола Филатова.

«O‘qituvchi» тариф режаларига уланиш ихтиёрийдир. Тез кунларда ўқитувчи ва муаллимлар ушбу тарифларга уланиши мумкин бўлади. Бунинг учун абонент паспорти асл нусхаси ҳамда у халқ таълими тизимида фаолият олиб боришини тасдиқловчи ҳужжат (гувоҳнома еки буйруқдан кўчирма)ни тақдим этиши керак.

- Мамлакатимиз раҳбари томонидан ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини оширишга катта эътибор қаратиб келинмоқда. Ўз ўрнида, Халқ таълими вазирлиги ўқитувчи-муаллимларни қўллаб-қувватлашда бизнес вакилларини иштирок этишини маъқуллайди. Бирлашган ҳолда ўқитувчиларни жамият қанчалик қадрлашини ҳамда биргалашиб уларнинг ҳаёти ва фаолиятини янада яхшилашимиз мумкинлигини кўрсатишимиз мумкин, - дея изоҳ берди Сарвар Бабаходжаев.

UMS мобил оператори ва Халқ таълими вазирлиги ўртасидаги келишув Ўзбекистондаги кўп сонли педагогик кадрларнинг манфаатларига хизмат қилади. Ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялаш йўлида эзгу фаолият олиб бораётган муаллимлар имтиёзли шартлар ва нархларда мобил алоқага эга бўлишади ҳамда унинг имкониятларидан ўз фаолиятларида максимал равишда фойдаланишлари мумкин бўлади.

03.07.2019 19:46:04