Сурхондарё вилояти умумтаълим мактабларини аъло баҳоларга тамомлаган битирувчи ўқувчиларга олтин ва кумуш медалларини топшириш тантанали тадбири бўлиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил февраль ойида Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида Музработ туманидан халқ таълими фахрийси Д.Қодировнинг мактаб битирувчиларини олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш бўйича берган таклифи давлатимиз раҳбари томонидан маъқулланган эди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 февралдаги “Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тартиби тўғрисида”ги 154-сонли қарори билан таълим муассасалари битирувчилари учун олтин ва кумуш медаллар таъсис этилди. Тадбирда 2018-2019 ўқув йили битирувчилари орасидан энг иқтидорли ўқувчиларнинг 220 нафар олтин ва 181 нафари кумуш медаллар билан тақдирланди.

Тадбирга вилоят ҳокимлиги ва вилоятдаги ташкилот ҳамда идоралар вакиллари, умумтаълим мактабларининг олтин ва кумуш медаллар билан тақдирланадиган ўқувчилари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудирлари, мактаб ва мактаб-интернатлар директорлари, ўқитувчилар ва ота-оналар вакиллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилди.

Умумтаълим мактаблари битирувчиларини олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тантанали тадбири иштирокчиларининг Ал-Ҳаким ат-Термизий мажмуасига зиёрати билан бошланди.

Сўнгра иштирокчиларнинг Термиз шаҳридаги Ахборот кутубхона маркази ва Археология музейига саёҳати уюштирилди.

Тантанали тадбирнинг асосий қисми Термиз шаҳар Санъат саройида бўлиб ўтди ва унда умумтаълим мактабларининг иқтидорли битирувчилари олтин ва кумуш медаллар билан тақдирланди.

Тадбир давомида жорий йилнинг 6-11 июнь кунлари Тошкент шаҳрида умумтаълим фанлари бўйича 11-синф ўқувчилари ўртасида бўлиб ўтган Республика фан олимпиадасининг якуний босқичида юқори натижаларни қайд этган ўқувчилар ҳам вилоят халқ таълими бошқармаси ва вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди. Жумладан давлат ва ҳуқуқ асослари фанидан 1-ўринни эгаллаган Қумқўрғон туманидаги 60-сонли мактаб ўқувчиси Ҳилола Ҳакимова, тожик тили фанидан 1-ўринни эгаллаган Сариосиё туманидаги 7-сонли мактаб ўқувчиси Шукрона Ғофурова ва мазкур фандан республикада 2-ўринни эгаллаган Узун туманидаги 13-сонли мактаб ўқувчиси Зурафо Файзуллаевалар тақдирланди.

Шунингдек, тадбирда “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” Республика танловининг вилоят босқичида биринчи ўринни эгаллаб танловнинг республика босқичига йўлланма олган қуйидаги ўқитувчилар Термиз шаҳридаги 4-ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Феруза Жабборова, 9-сонли мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Шохида Расулова, 13-сонли мактабининг давлат ва ҳуқуқ асослари фани ўқитувчиси Саида Ишмуродова, 4-сонли мактабнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Шахзод Маматқулов, Ангор туманидаги 20-сонли мактабнинг бошланғич таълим ўқитувчиси Шаходат Чориева, Бойсун туманидаги 33-сонли мактабнинг давлат тили фани ўқитувчиси Асқар Тўрақулов, информатика фани ўқитувчиси Зариф Хурсандов, Жарқўрғон туманидаги 33-сонли мактабнинг биология фани ўқитувчиси Гулнора Амирова, Сариосиё туманидаги 9-сонли мактабнинг физика фани ўқитувчиси Бахтиёр Фаттоев, Узун туманидаги 4-сонли ихтисослаштирилган мактабнинг география фани ўқитувчиси Иномжон Примов, Термиз туманидаги 14-сонли мактабнинг математика фани ўқитувчиси Умарали Қалқонов, Шеробод туманидаги 65-сонли мактабнинг кимё фани ўқитувчиси Қудрат Нормўминовлар вилоят ҳокимлиги ва вилоят халқ таълими бошқармасининг қиматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Сурхондарё вилояти ХТБ
Ахборот хизмати

22.06.2019 20:46:00