Самарқанд шаҳридаги “Ёшлар” марказида вилоятдаги умумтаълим мактабларининг 11-синфларини аъло баҳоларга битирган 141 нафар йигит-қизларга олтин ва кумуш медаллар топширилди.

Тадбир доирасида Президентимиз томонидан белгилаб берилган 5 та муҳим ташаббус ижроси бўйича кўргазма ташкил этилди. Тадбирда Самарқанд шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчиси ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят бўлими бошлиғи, шунингдек, ҳамкор ташкилот вакиллари иштирок этишди.

Вилоят ҳокимлиги ҳамда халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари ва халқ таълими бошқармаси бошлиғи юртимизда Президентимиз томонидан ёшларнинг сифатли таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар сирларини пухта эгаллаши йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритишди.

Туман, шаҳар халқ таълими бўлими мудирлари, тажрибали ўқитувчилар ҳамда вилоятдаги 1214 та умумтаълим мактабларининг 141 нафар 11-синф ўқувчилари иштирок этган тадбирда 2018-2019 ўқув йилида вилоят бўйича 11-синфни тугатган жами 141 нафар ўқувчилар 78 та олтин ва 63 та кумуш медаллар ҳамда “Имтиёзли касб малакаси дипломи” билан тақдирланди.

Шунингдек, ўқув йили давомида ўтказилган кўрик-танловларда юқори натижаларни қўлга киритган, жумладан, Республика миқёсида “Йилнинг энг яхши психологи”, “Энг обод мактаб” ҳамда “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” танловининг вилоят босқичи ғолибларига вилоят халқ таълими бошқармасининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Самарқанд вилояти ХТБ
Ахборот хизмати

22.06.2019 20:37:30