Қарши шаҳридаги Ватанпарварлар боғида Қашқадарё вилоятидаги умумтаълим мактабларини олтин ва кумуш медаллар билан битирган бир гуруҳ ўқувчилар тантанали тақдирланди. Тадбирда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев, таълим фахрийлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Президентимиз ташаббуси билан таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳар тарафлама баркамол, чуқур билимга эга ёш авлодни тарбиялаб, камолга етказишда муҳим омил бўлаётганини таъкидланди. Бу жараёнда умумтаълим мактабларида 11 йиллик мажбурий таълим тизими қайта йўлга қўйилгани, энг билимли, иқтидорли ўқувчиларни олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш жорий этилгани ҳам бунга яққол далилдир.

Жорий ўқув йилида вилоятдаги умумтаълим мактабларининг 11-синфини 32 минг 501 нафар йигит-қиз муваффақиятли тугатиб, мустақил ҳаётга йўлланма олди, - дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Бекзод Жўраев. - Уларнинг 206 нафари олтин ва 283 нафари кумуш медалга сазовор бўлди. Шунингдек, вилоят умумтаълим мактабларини битирган 883 нафар ўқувчиларга аъло даражали касб малака дипломи топширилди.

Қашқадарё Вилояти ХТБ
Ахборот хизмати

 
 
22.06.2019 20:24:05