Тошкент шаҳри, Яккасарой туманидаги 144-мактаб директори Нилуфар Хусанбоеванинг фикрига кўра, мактабга узоқ масофадан келган ўқувчилар тез чарчаб қолишади. 10 йилдан ортиқ мактабда раҳбарлик қилиб келмоқдаман. Мактабимиз 770 нафар ўқувчи ўрнига эга. Якунланган ўқув йилида 1882 нафар ўқувчи таълим олди, ўқувчилар сони кўплигидан дарсларни 2-3 сменада олиб боришга тўғри келмоқда.

Директорнинг сўзларига кўра, ўқувчиларнинг аксарияти мактабга бошқа ҳудудлардан қатнайди. Яъни ота-оналар фарзандларини Яккасарой туманидан ташқари шаҳарнинг бошқа туманларидан, 10-20 км узоқ масофалардан олиб келишади. Ҳатто Тошкент вилоятининг чегарадош туманларидан ҳам қатнайдиган ўқувчилар бор.

Боланинг узоқ масофадан мактабга келишида бир қанча қийнчиликлар бор. Биринчидан, аксарият бошланғич синфларда дарс соат 8.00 да бошланади. Бунинг учун ота-оналар болаларини соат 6.00 да уйғотишлари, нонушта қилиб, кийинтириб, соат 7.00 да йўлга чиқишлари керак. Эрталабки тирбандликлардан сўнг ўқувчиларнинг кўпчилиги мактабга мунтазам кечкиб келади. Бола уйда тўйиб ухламаганидан сўнг, дарсларда чарчаб қолиши, тез уйқуси келиб қолиши кузатилади. Бу эса дарсларни ўзлаштиришга таъсир қилади.

Бундан ташқари, узоқ ҳудудлардан қатнайдиган ота-оналар фарзандларини мактабдан олиб кетишда ҳам қийналишади. Яъни дарс тугаганидан сўнг ўз вақтида олиб кетолмайди. Бола мактабда 3-4 соатлаб қолиб кетади. Яна уйга кеч борганидан сўнг, чарчаб қолган болалар уйга вазифаларни тайёрлашда қийналишади.

Яна бир муҳим томони борки, бугун кўпчилик оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи яхшиланиб, фарзандларини мактабга олиб келиш ва олиб кетиш учун хусусий (ёлланма) такси хизматидан фойдаланади. Бу болаларнинг хавфсизлиги учун ҳар қандай ота-онани хавотирга солиши табиий.

Албатта, ҳар бир ота-она фарзандини яхши мактабга беришни хоҳлайди. 

Аксарият ҳолатларда ота-оналар қўни-қўшнисидан, мактаб атрофида турадиган қариндош-уруғларидан эшитиб, ўша мактабларга беришга интилади. Аслида барча мактабда давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари, дарсликлари бир хил, барча жойда таълим бир хилда олиб борилади.

Халқимиз орасида бир гап бор: “Энг яхши мактаб бу - уйнинг олдидаги мактаб”. Чунки бола мактабга маҳалладаги ўртоқлари билан бирга бориб-келади, бирга дарс тайёрлайди. Ота-оналар мактаб билан доимий алоқада бўлишади. Ўқувчи таълим-тарбия жараёнида ҳам маҳалла назоратида бўлади. Ота-она ҳам хавотирдан йироқ бўлади. Ўзи ишда бўлиб, хаёли фарзандида бўладиган ота-оналар ҳар соатда қўнғироқ қилиб, қачон дарс тугаши, қачон уйга етиб келишидан хавотир олиб ўтирмайди.

Шу боис, мутахассис сифатида ота-оналарга фарзандларини мактабга беришда, энг аввало, ўзларининг яшаш манзилига бириктирилган микроҳудуддаги энг яқин мактабга беришларини тавсия қилган бўлар эдик. Қолаверса, боланинг болалигини “ўғирламасдан” уни дам олиши, ўйнаши ва дарс қилиши учун вақт ҳам етарли бўлади. Энг муҳими, бола хавотирсиз ўз вақтида мактабга мустақил бориб келишни ўрганади.

Фото ©Турар Казангапов

06.06.2019 20:52:23