Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда андижонлик ўқитувчилар “Вақф” жамғармасига 50 минг сўмдан пул ўтказилиши ҳақидаги хабарлар тарқатилди.

Жорий йилнинг 28 май куни вилоят ҳокимининг ўринбосари А. Эгамбердиев томонидан вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда ихтиёрий равишда “Вақф” жамғармасига Рамазон ойида пул маблағлари ўтказиш тавсия этилган. 

Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан ҳам вилоят ҳудудида жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларига “Вақф” жамғармасига пул маблағлари ўтказиш бўйича топшириқ берилмаган.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигига тизим ходимларидан “Вақф” жамғармасига мажбурий пул ўтказиш бўйича талаб қўйилганлиги ҳақида мурожаатлар келиб тушмаган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ўқитувчиларнинг шикоятларини қабул қилувчи виртуал инспекторни ишга туширган. Ўқитувчилар ҳуқуқлари бузилганда ёки турли тўловларга мажбурлаган ҳолатларда ovoz.uzedu.uz сайти ёки +998 99 988 10 06 телефони ва телеграм рақамига мурожаатларини юборишлари мумкин.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

03.06.2019 16:18:51