Аввал хабар берилганидек, Халқ таълими вазирлиги томонидан Халқаро Фульбрайт таълим дастури доирасида АҚШлик эксперт-психолог, профессор Лори Вульф хоним Ўзбекистондаги умумтаълим мактабларида ижобий психология ва стресс бошқарувини ўқитиш методикасини жорий этиш мақсадида таклиф этилган эди.

Бугунги кунга қадар мазкур лойиҳа доирасида мактабларда ўқувчилар ҳамда педагоглар учун стресс ва агрессия ҳамда уларнинг оқибатларини олдини олиш ва бартараф этишга йўналтирилган ўқув дастури ишлаб чиқилди. Мазкур дастур Халқ таълими вазирлиги мутахассислари, психолог олимлар ва тажрибали мактаб психологларидан иборат эксперт гуруҳи томонидан маданий муҳитга мослаштирилди ҳамда такомиллаштирилди. Методик материаллар Тошкент шаҳридаги 4 та мактабда муваффақиятли тажриба синовдан ҳам ўтказилди.

Ижобий психология ва стресс бошқарувини ўқитиш методикаси бўйича 14 та ҳудудда ТОТ (тренерлар учун тренинглар) бўлиб ўтди ҳамда 700 дан зиёд тренерлар жамоаси шакллантирилди. Эндиликда ҳар бир туман(шаҳар) миқёсида каскад усулидаги тренинглар ташкил этилади ҳамда барча мактаб психологлари улар орқали эса педагоглар ижобий психология ва стресс бошқарувига халқаро тажриба асосида ўқитилади. Сентябрь ойидан бошлаб мактабларда маънавият соатлари доирасида ўқувчиларга ижобий психология ва стресс бошқаруви кўникмалари психологик машғулотлар асосида ўргатиб борилиши режалаштирилган.


Мазкур лойиҳа ва унинг натижасида ўқувчилар орасида содир бўлаётган ўзига ва ўзгаларга зарар етказувчи хулқ-атвор профилактикаси ва коррекцияси амалга оширилади. 

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

03.06.2019 13:07:00