2019 йилнинг 30 май куни умумтаълим мактаблари ўртасида эълон қилинган “Обод мактаб” экологик ойлиги доирасида “Энг обод мактаб” танловининг республика босқичи ғолиблари тақдирланди.

Халқ таълими вазирлигининг 2019 йил 19 мартдаги 103-сонли буйруғига кўра, жорий йилнинг 20 март кунидан бошлаб апрель ойининг сўнгига қадар халқ таълими муассасаларида “Обод мактаб” экологик ойлиги ташкил этилди.

Мазкур ойлик доирасида умумтаълим мактаблари ўртасида “Энг обод мактаб” танлови ўтказилиб, унда 200 дан ортиқ таълим муассасалари фаол қатнашди.

Танлов жараёнида халқ таълими тизимидаги таълим муассасалари ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларининг режа асосида ташкил этилганлиги, ҳудуднинг синфларга тақсимланганлиги, уларнинг тартиб билан белгиланганлиги (табличкалар), мевали, манзарали дарахт ва гул кўчатларининг маҳаллий иқлим шароитлари ва хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда режали экилганлиги, ҳар бир экилган дарахтга масъуллар бириктирилганлиги ва уларнинг парвариш қилиниши, дарахтларга шакл берилганлиги ва оқланганлиги, истиқболли тадбиркорлик мақсадини кўзлаб гулзор ёки боғлар ташкил этилиши каби ижодкорлик ва креативлик намойиш қилинганлиги ҳақидаги видеороликлар (facebook, Instagram) #obod_maktab, #hasharnavolari хэштеги билан жойлаштирилди.

Танловнинг республика ташкилий қўмитасига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудий босқичларида ғолиб бўлган таълим муассасалари ўқувчиларининг учта йўналиш бўйича тақдим этилган 42 та ижодий видеолавҳалари Халқ таълими вазирлигининг https://www.facebook.com/uzedu сайтига жойлаштирилди.

Сайтга жойлаштирилган видеороликлар учун жорий йилнинг 10 май куни соат 17:00 га қадар овоз берилиб, якунда ҳар бир вилоятдан биттадан энг кўп овоз тўплаган таълим муассасалари аниқланди.

Жорий йилнинг 30 май куни Тошкент шаҳридаги 217-сонли умумтаълим мактабида “Энг обод мактаб” танловининг 14 нафар республика босқичи ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими ўтказилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардан ташриф буюрган ғолиб таълим муассасаларига вазирликнинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

30.05.2019 17:17:30