Жорий йилнинг 27 май куни А.Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида “Таълимда менежментнинг долзарб масалалари” мавзусида республика илмий анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш таълим муассасаларининг раҳбар ва профессор-ўқитувчилари, тажрибали раҳбар ва педагоглар, олий таълим муассасалари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари педагоглари, илмий ходим-изланувчилар ва таълимда менежмент йўналишида фаолият олиб бораётган мутахассислар иштирок этди.

Анжуманда Халқ таълими муассасаларини бошқаришга менежментнинг замонавий усулларини жорий этиш, раҳбар ходимларни таълим соҳаси менежери сифатида қайта тайёрлаш ҳамда таълимда менежмент бўйича юқори малакали илмий кадрларни тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича эришилган натижалар соҳа вакиллари, раҳбар, мутахассис, олим ва профессор-ўқитувчилар томонидан таҳлил қилинди. Шунингдек, илғор тажрибаларни умумлаштириш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш йўлларини аниқлаш асосида навбатдагивазифалар белгилаб олинди.

Шу билан бирга, таълим соҳаси менежерларини тайёрлаш ва малакасини ошириш, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий компетенциясини такомиллаштириш, таълим сифати менежментини жорий этиш, таълимни бошқариш жараёнларини ахборотлаштириш ва уларни ҳал этишда малака ошириш таълим муассасаларининг роли, “Таълимда менежмент” ихтисослиги бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлаш масалалари бўйича маърузалар тингланди.

Илмий-анжуман сўнггида тингланган маърузалар ва уларнинг муҳокамаси натижасида таълим соҳасини бошқариш ва таълим муассасалари менежерларини тайёрлашни такомиллаштиришга йўналтирилган тавсиялар қабул қилинди.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

27.05.2019 21:24:00