Жорий йилнинг 1-6 август кунлари Жанубий Африка Республикасининг Дурбан шаҳрида ўтказиладиган Халкаро математика мусобақасида Ўзбекистон терма жамоасини шакллантириш учун мусобақанинг II Республика саралаш босқичи Самарқанд шаҳридаги 60-сон махсус мактаб-интернатида бўлиб ўтди.

Мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардан саралаб олинган жами 140 нафар иқтидорли ўқувчилар иштирок этишди. Мусобақа иштирокчиларининг ишларини адолатли ва шаффоф баҳолаш мақсадида олий таълим муассасаларининг тажрибали профессор ўқитувчилари жалб этилди.

Мусобақа натижаларига кўра ҳар бир ёш йўналишидан 4 нафардан жами 8 нафар ўқувчилар ғолибликни қўлга киритиб Африка давлатининг Дурбан шаҳрида бўлиб ўтадиган мусобақада иштирок этадиган Ўзбекистон терма жамоаси рўйхати шакллантирилди. Ўзбекистон терма жамоаси иштирокчиларининг 5 нафарини Бухоро вилояти ўқувчилари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Хоразм вилоятларининг 1 нафардан ўқувчилари ташкил этмоқда.

Мазкур мусобақада ғолибликни эгаллаган қуйидаги ўқувчилар Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилишади:

2005 йил 1 августдан кейин туғилган ғолиб ўқувчилар рўйхати:

Рахматов Анвар- Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги 1-ИДУМИнинг 7-синф ўқувчиси;

Қодиров Тўймурод- Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги 1-ИДУМИнинг 7-синф ўқувчиси;

Мақсудов Бекзод- Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги 6-ИДУМИнинг 7-синф ўқувчиси;

Эргашев Азизбек- Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги 1-ИДУМИнинг 8-синф ўқувчиси;

2002 йил 1 августдан кейин туғилган ғолиб ўқувчилар рўйхати:

Норбоев Жаҳонгир- Бухоро вилояти Пешкў тумани 18-маткаб 10-синф ўқувчиси;

Олимов Олимжон- Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги 1-ИДУМИнинг 9-синф ўқувчиси;

Нейматов Элдор- Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги 1-ИДУМИнинг 10-синф ўқувчиси;

Дилмуратов Дамир- Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманидаги5-мактабнинг 9-синф ўқувчиси;

Таъкидлаш жоизки, Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан 2014 йилдан буён умумтаълим мактабларининг ўқувчилари халқаро математика мусобақаси(IMC)да иштирок эта бошлади. Ҳар йили жиддий синовлар натижасида танлаб олинган 4 нафар иқтидорли ўқувчилар Ўзбекистон шаънини ҳимоя қилиб, дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатида 600 дан ортиқ иштирокчилар ичида ғолиблар шоҳсупасидан жой олмоқда.

Таҳлилларга кўра, ҳозирги кунга қадар халқ таълими тизимида умумтаълим мактаблари ўқувчилари Халқаро математика мусобақалари (IMC)да 2014 йилдан бошлаб (Корея-2014, Хитой-2015, Таиланд-2016, Ҳиндистон-2017, Болгария-2018) 3 та олтин, 5 та кумуш, 4 та бронза ва жамоавий мусобақа натижаларида энг юқори ўринларни қўлга киритиб келмоқда.

Халқ таълими вазирлиги бу йилги Жанубий Африка Республикасининг Дурбан шаҳрида ўтказиладиган Халкаро математика мусобақасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган ўқувчиларга омад ва зафарлар тилайди.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

20.05.2019 22:20:00