Бугун Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида “Методист ўқитувчилар мактаби” фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича навбатдаги Республика ўқув-семинари бўлиб ўтди. Унда ҳудудий халқ таълими бошқарув идоралари раҳбар ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари, пойтахт мактабларида фаолият кўрсатувчи ҳар бир фан бўйича энг тажрибали методист ўқитувчилар, замонавий таълим муассасаси раҳбарлари ва раҳбар ўринбосарлари иштирок этди.

Республика ўқув семинари давомида  ҳар бир туман ва шаҳарларда “Методист ўқитувчилар мактаби” ва “Методист мураббийлар муассасаси”, “Замонавий таълим муассасалари”, “Инновацион тажриба-синов муассасалари”ни ташкил этиш бўйича батафсил маълумотлар берилди.

Шунингдек, 10-синфларга ўқитиладиган фанларнинг мазмун моҳияти, дарс жараёнида ўқитишнинг замонавий илғор шакллари, янги педагогик ва ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш бўйича методик тавсиялар берилди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2017 йил 2 август куни ўтказилган “Умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўртасида ўзаро интеграцияни таъминлаган ҳолда босқичма-босқич 11 йиллик мажбурий ўрта таълимни жорий этиш масалалари ҳақида”ги мажлисда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш ва методист ўқитувчилар мактабини ташкил этиш асосида узлуксиз малака ошириш тизимини жорий этиш йўналишларида Халқ таълими вазирлиги томонидан кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мазкур мажлисда берилган кўрсатмалар асосида вазирлик томонидан халқ таълими тизимида раҳбар ва педагог ходимларнинг узлуксиз малакасини ошириш жараёнларини ташкил этиш механизми ишлаб чиқилди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ушбу механизм фанлар бўйича ҳар бир туман ва шаҳарларда методист ўқитувчилар мактаби фаолиятини йўлга қўйиш асосида ёш ўқитувчилар билан ишлаш жараёнларини такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, ундан кўзланган мақсад илғор педагогик тажрибага эга бўлган ижодкор, ташаббускор, фидойи раҳбар ва педагоглар тажрибасини оммалаштириш, педагогика соҳасида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигини таъминлаш, мустақил таълим, қисқа муддатли ва сайёр малака ошириш жараёнларини тизимли ташкил этиш асосида халқ таълими тизими раҳбар ва педагог ходимлари касбий компетентлигини ривожлантириш ва замонавий таълим муассасалари сафини кенгайтиришдан иборат.

Ёш ўқитувчилар билан ишлаш жараёнларини такомиллаштиришда методист ўқитувчилар томонидан ўқитиш методларига оид янгиликлар ва илғор педагогик тажрибалар барча педагог ходимларга етказилади.

Шу мақсадда, методист ўқитувчи сифатида ўз соҳасини чуқур билган, илғор педагогик тажрибаси оммалаштирилган, устоз-шогирд тизимида ўқитувчиларга методик ёрдам кўрсатиш ва уларнинг касбий компетентлилигини ошириш лаёқатига эга бўлган, методик тавсия ва дарс ишланмалари муаллифлари бўлган ўқитувчилар танлаб олинган.

Узлуксиз малака ошириш жараёнларида ҳар бир ўқув фанлари республика бўйича барча туман (шаҳар)ларда методист ўқитувчилар мактаби ташкил этилмоқда. Методист ўқитувчилар мактаби хорижий ва миллий илғор педагогик тажрибаларни ўрганиш асосида методик тавсиялар ва ишланмалар ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш, ҳар бир фан бўйича яратилган янги дарсликлар, ўқув методик қўлланмалар, электрон ахборот таълим ресурслари ва методик тавсияларнинг тақдимотларини ташкил қилиш, уларнинг мазмунини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш ва бошқа шу каби вазифаларни бажаради.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Методист ўқитувчилар мактаби туман (шаҳар)даги аниқ бир танлаб олинган фан бўйича илғор педагогик тажриба ва касбий маҳорати юқори бўлган ўқитувчилар салоҳиятига эга, тегишли фан кабинети талаб даражасида жиҳозланган, ўқув-семинар ва очиқ дарслар ташкил этиш имкониятларига эга  бўлган мактаблар орасидан танлаб олинган.

Шунингдек, вазирлик томонидан янги жорий этилаётган мазкур тизимга кўра  республика бўйича ҳар бир туман (шаҳар)да биттадан замонавий таълим муассасаси ҳам ташкил этилмоқда.

Замонавий таълим муассасаси – бу ижтимоий-педагогик тизим бўлиб, тизимли қайта ташкил этиш натижасида оддийдан мураккабга, эскиликдан янгиликка қараб ривожланиб бораётган, таълим ва тарбия услубларини ва воситаларини танлаш йўналишида кенг имкониятларга, замонавий таркибий тузилишга, таълим ва тарбия жараёнларини тизимли ривожлантириб бориш бўйича стратегик мақсадлар ва функционал вазифаларни амалга оширувчи янги сифатдаги таълим муассасасидир.

Замонавий таълим муассасаси сифатида туман (шаҳар)даги барча таълим муассасаларига ўрнак бўладиган, раҳбар ва педагог кадрлар салоҳияти юқори бўлган, таълим сифати рейтинги бўйича туман (шаҳар)да юқори ўринларни эгаллаган, кўрик-танловларида совринли ўринларни эгаллаган, жамоада онгли интизом ва барча учун қулай таълимий муҳит шаклланган, моддий-техник базаси талабга жавоб берадиган таълим муассасалари орасидан танлаб олинган.

Қолаверса, фан ва технологиялар ютуқларини, замонавий инновацияларни таълим жараёнига кенг татбиқ этиш, илмий тадқиқотлар асосида янги ишлаб чиқилган инновацион ишланмаларни, илмий тадқиқот натижалари самарадорлигини аниқлаш йўналишларида педагогик тажриба-синов жараёнларини ташкил этиш билан шуғулланувчи инновацион тажриба-синов муассасаси ҳам ташкил этилмоқда.

Инновацион тажриба-синов муасссаси сифатида ҳудуддаги илмий-методик ва илғор иш тажрибалари туман (шаҳар)да оммалаштирилган, дарслик, ўқув-методик қўлланмалар, намунавий тавсия ва дарс ишланмалари муаллифлари бўлган педагогик ходимлар фаолият юритадиган, илмий тадқиқот институтлари, олий таълим муассасаси, малака ошириш институти ва бошқа таълим муассасалари билан илмий-методик ҳамкорликда фаолият юритаётган, оммавий ахборот воситалари, интернет нашрларида фаол чиқишлари билан юқори рейтинг кўрсатгичларига эга муассасалардан бири танлаб олинган.

Халқ таълими вазирлиги томонидан жорий этилаётган узлуксиз малака ошириш жараёнларини ташкил этиш механизмининг мазмун-моҳияти бўйича барча таълим муассасаси раҳбарлари ва педагог ходимларда аниқ тасаввурлар ҳосил қилиш мақсадида республика миқёсида ўқув-амалий семинарлар ташкил этилмоқда.

Мазкур республика ўқув семинарларини ташкил этиш педагогик кадрлар малакасини ошириш орқали таълим сифати ва самарадорлигини юқори поғонага кўтаришда ўзига хос амалий аҳамиятга эгадир.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

09.09.2017 14:00:00