Бугун республикамиздаги барча умумтаълим мактабларида янги ўқув йили бошланиши муносабати билан “Билимлар куни” тадбирлари бўлиб ўтди.

Янги ўқув йилининг илк соатлари Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” мавзусидаги “Мустақиллик дарслари” ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовга бағишланган “Хотира дарслари” билан бошланди.

“Мустақиллик дарслари” вазирлик томонидан ишлаб чиқилган тақдимот асосида ташкил этилиб, “Хотира дарслари”да Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Умумтаълим мактабларининг 1-синфига қабул қилинган 640 минг нафардан ортиқ ўқувчиларга 12 номдаги ўқув қуролларидан иборат “Президент совғаси” тантанали равишда топширилди.

Янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш ва уни муносиб кутиб олиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, 2017 йилда Инвестиция дастури доирасида республика бўйича 482 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шундан 12 таси янгидан қуриб фойдаланишга топширилган бўлса, 319 таси реконструкция қилинди, 151 таси капитал таъмирланди. Жорий йилда жами 878 та умумтаълим мактаблари умумий қиймати 64,1 млрд.сўмлик мебель, ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, спорт инвентарлари ва маиший техникалар билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Янги ўқув йилида ўқувчиларни дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилди. Янгидан ишлаб чиқилган давлат таълим стандартлари асосида полиграфик ва дизайн жиҳатидан замонавий талабларга жавоб берадиган умумтаълим мактабларининг 1-, 4-, 6-, 7-, 10-синфлари ўқувчилари учун 43,9 млн. нусха дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар чоп этилиб, таълим муассасаларига етказилди.

Ҳозирда 10-11-синфлар учун 12 та фан ўқитилиши назарда тутилган ўқув режа ва дастурлари ишлаб чиқилиб, улар асосида 18 номдаги дарсликлар яратилди. Мазкур дарсликларни яратиш жараёнига тажрибали ўқитувчилар, педагог-олимлар ва методистлар кенг жалб этилди. Ҳозирда 10-синф ўқувчилари учун 9 млн. нусха дарсликлар чоп этилди.

Шунингдек, ахборот-ресурс марказлари ва умумтаълим мактаблари кутубхоналарини бойитиш мақсадида 28 номдаги жами 1,2 млн нусха лотин графикаси асосида яратилган ўзбек ва чет эл ёзувчиларининг бадиий адабиётлари ахборот-ресурс марказлари ва умумтаълим мактаблари кутубхоналарига етказиб берилди.

Таълим муассасаларини малакали педагог кадрлар билан таъминлаш масаласи янги ўқув йилига тайёргарлик кўришнинг асосий вазифаларидан биридир. Хусусан, тизимда 389 740 нафар ўқитувчи ва мураббийлар фаолият кўрсатмоқда. 2017-2018  ўқув йилида 10-синфлар жорий этилиши муносабати билан ўқитувчиларига бўлган қўшимча 22 минг ставка эҳтиёж олий таълим муассасаларини битирган ёш мутахассисларни ишга қабул қилиш ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқитувчиларини ишга қабул қилиш ҳамда ўқитувчилар дарс юкламасини ошириш ҳисобидан қопланди.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

 

02.09.2017 00:00:00