ХТВ томонидан дарсликка қўйиладиган талаблар ишлаб чиқилади

Жорий йилнинг 5 апрелида ҳукумат қарори билан “Умумтаълим мактаблари учун муқобил дарсликларни яратиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Мазкур низомга мувофиқ, муқобил дарсликларга қўйиладиган талаблар Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади.

Вазирлик кейинги ўқув йиллари учун тавсия этиладиган ва яратиладиган дарслик ҳамда ўқув-методик қўлланмаларнинг рўйхати, уларга қўйиладиган талабларни оммавий ахборот воситалари, шунингдек, вазирликнинг расмий веб-сайти орқали бир йил олдин эълон қилади.

Мазкур дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни тайёрлашда иштирок этиш истагида бўлган ижодий жамоалар Республика таълим маркази Мувофиқлаштирувчи кенгашининг ишчи органига таклиф киритади.

Яратилган дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар Ишчи органга оригинал макет ҳолатида тақдим этилади. Оригинал макетлар вазирлик ҳузурида ташкил этиладиган экспертлар гуруҳи томонидан икки ой муддатда экспертизадан ўтказилади.

Ишчи орган энг юқори баҳоланган оригинал макетларни тажриба-синовдан ўтказишга розилик олиш учун Мувофиқлаштирувчи кенгашга 1 ҳафтада маълум қилади. Тажриба-синов ўтказиладиган мактаблар рўйхати Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан тасдиқланади. Тажриба-синов ва кенг жамоатчилик муҳокамаси натижалари ишчи орган томонидан бир ойда умумлаштирилиб, дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни тасдиқлаш учун Мувофиқлаштирувчи кенгашга тақдим этади.

95 фоиздан юқори балл олган муқобил дарсликлар мактаблар учун ижара тизими асосида яратилган дарсликлар билан бир қаторда ихтиёрий фойдаланишга тавсия этилади.

Baham ko'ring: