Сайлов рўйхатини тузиш учун жалб этилган сайлов комиссияси аъзоларига ўртача ойлиги сақланиши билан бирга қўшимча меҳнатига ҳақ тўланади

Ижтимоий тармоқларда мактаб ўқитувчиларини жорий йилнинг 22 декабрида бўлиб ўтадиган сайлов жараёнига жалб этилаётгани ҳақида маълумот тарқатилди.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов комиссияси маълумотига кўра, участка сайлов комиссиялари таркибини шакллантириш бўйича ишлар якунига етган.

Мазкур комиссия таркибига ижтимоий соҳа, жумладан халқ таълими тизими ходимлари ҳам киритилган. Марказий сайлов комиссияси сайлов комиссиялари аъзолари меҳнатига ҳақ тўлаш масалаларини қатъий назоратга олишини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида” Президентнинг 2018 йил 14 августдаги қарорига кўра, халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, мажбурий меҳнатга, шу жумладан, туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш, мавсумий қишлоқ хўжалиги, бошқа турдаги ишларга жалб қилиш тақиқланади.

Мазкур қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги педагог ходимларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ҳамда бартараф этишда қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан мунтазам назорат тадбирларини ўтказиши лозим.

Baham ko'ring: