Онлайн олимпиадаларда 3 ойда қарийб 500 минг иқтидорли ўқувчи иштирок этди

Жорий йилнинг май-июль ойларида Халқ таълими вазирлигининг olympiad.uzedu.uz ахборот тизимида қарийб 500 минг ўқувчи рўйхатдан ўтди ва онлайн олимпиадаларда иштирок этди.

Ахборот тизимида рўйхатдан ўтганлар умумтаълим мактабларининг 4-11-синф ўқувчилари, шунингдек, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ҳамда турли вазирликлар тасарруфидаги мактаблар ва нодавлат мактаблар ўқувчиларидан ташкил топган бўлиб, улар математика, физика, кимё, биология, информатика ва ахборот технологиялари, она тили ва инглиз тили фанларидан жами 38 та онлайн олимпиадада иштирок этдилар.

Онлайн олимпиадада ўқувчилар ихтиёрий равишда, масофавий тарзда иштирок этишлари мумкин.

Олимпиадада иштирок этиш мутлақо бепул бўлиб, бунинг учун ўқувчилар Халқ таълими вазирлигининг olympiad.uzedu.uz вебсайти орқали онлайн рўйхатдан ўтиши ва таҳсил олаётган таълим муассасаси масъул ходими томонидан электрон тарзда тасдиқдан ўтиши лозим бўлади. Ўқувчилардан олимпиада ўтказиладиган муддатдан камида бир кун олдин рўйхатдан ўтиши сўралади.

Онлайн олимпиада топшириқлари мураккаблик даражаси турлича бўлган 20 та тест саволларидан иборат бўлиб, уларни бажариш учун ҳар бир ўқувчига 60 дақиқа вақт ажратилади. Ажратилган вақт якунига етгач, ўқувчилар ўз рейтингларини кўришлари ҳамда олимпиадада иштирок этганлиги тўғрисидаги сертификатларини электрон тизимдан юклаб олишлари мумкин.

Барча ўқувчилар QR-кодли иштирокчи сертификатига, онлайн олимпиадада мактаб, туман (шаҳар), ҳудуд, республика рейтинг ўрнига, ахборот тизимида шахсий кабинетга, АКТ соҳасида ўз кўникмаларини мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлади.

Онлайн олимпиада Халқ таълими вазирлигининг Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ёшлар билан ишлаш департаменти томонидан мувофиқлаштирилади.

«Онлайн олимпиадаларни ташкил этиш ҳамда иқтидорли ўқувчилар захирасини шакллантириш» ахборот тизими olympiad.uzedu.uz Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги «Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида жорий йилнинг февраль ойида ишга туширилган.

Ахборот тизимининг мақсади ўқувчиларнинг билим олишга бўлган қизиқишини ошириш, уларнинг ижодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, фанларга оид қўшимча материаллар билан таъминлаб бориш, эгаллаган билимларини баҳолаш, натижаларни онлайн мониторинг қилиш учун имконият яратишдан иборат.

Республикамиздаги барча фан олимпиадаларидан хабардор бўлиш мақсадида @olimpdep телеграм каналига ҳам аъзо бўлишни тавсия қиламиз.

Baham ko'ring: