Илк бор халқаро стандартлар асосида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 16 та давлат умумтаълим мактаблари барпо этилиши ва давлат-хусусий шериклик асосида чет эллик инвесторларни жалб этиш режалаштирилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг умумий ўрта таълим мактабларига эҳтиёж юқори ҳудудларида давлат-хусусий шериклик асосида давлат умумий ўрта таълим мактаблари ташкил этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида давлат-хусусий шериклик асосида давлат умумий ўрта таълим мактабларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарор лойиҳасини regulation.gov.uz сайтида муҳокама учун эълон қилди.

Мазкур қарор лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида давлат-хусусий шериклик асосида катта сиғимли замонавий ҳамда халқаро стандартларга жавоб берувчи давлат умумий ўрта таълим мактаблари қурилиши, жиҳозланиши, уларнинг ҳар беш йилда жорий таъмирланиши, шунингдек, уларга давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим муддати давомида мунтазам ва юқори даражали техник хизмат  кўрсатилишини таъминлаш учун хусусий инвесторларни жалб этиш режалаштирилган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра ушбу давлат умумий ўрта таълим мактаблари учун 100 млн. АҚШ доллари эквивалентидаги хусусий инвестициялар жалб этилиши кутилмоқда.

Лойиҳа асосида ташкил этиладиган мактаблар жаҳон таълим стандартлари ва миллий таълим дастурларини ўзида мужассамлаштирган ҳолда ўқувчиларнинг замон талабларига мос инфратузилмалар ёрдамида таҳсил олишлари, шунингдек, мактаб ҳудудида ўз вақтларини мазмунли ўтказишларига кўмаклашади.

Қарор лойиҳаси давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиладиган давлат умумий ўрта таълим мактаблари учун дастлабки танлаб олинган ҳудудлар ҳамда лойиҳани амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳ таркибини ўз ичига олган бўлиб, муҳокама ҳамда келишув давомида ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

Қарор лойиҳасида умумий ўрта таълим мактаблар ташкил этилиши кўзда тутилган ҳудудлар, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг ҳудудларига чиққан ҳолда дастлабки ўрганишлар натижасида умумий ўрта таълим мактабларига эҳтиёж юқори деб топилган ҳудудларни ўз ичига олган.

Мазкур ҳавола https://regulation.gov.uz/uz/document/20703 орқали қарор лойиҳаси билан батафсил танишишингиз мумкин. Халқ таълими вазирлиги муҳокамаларда фаол иштирок этишингизни сўрайди. Қарор лойиҳаси муҳокамаси жорий йилнинг 26 август кунига қадар давом этади.

Baham ko'ring: