Халқ таълими вазири тунда ижтимоий тармоқда кеча танқид остига олинган мактаб ҳолатини ўрганиш учун Қашқадарё вилоятига борди

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов кеча ижтимоий тармоқда эълон қилинган «Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги 68-мактаб оғир аҳволда» деган мақоладаги вазиятни ўрганиш учун бугун мазкур мактабда бўлди.

Ўрганиш натижасида бугун 338 нафар ўқувчи таҳсил оладиган мазкур мактаб 1985 йилда қурилган бўлиб, мактабнинг аҳволи ҳақиқатдан ҳам талабга жавоб бермаслиги маълум бўлди.

photo2021-11-2414-10-35.jpg

Ҳолатни ўрганар экан Бахтиёр Саидов мактабни келгуси йил инвестиция дастурига киритиш юзасидан тегишли масъулларга кўрсатма берди. Шунингдек бугунги кунда Қарши туман халқ таълими бошқармаси лавозими вакант бўлгани боис, мазкур лавозимга номзодларни кўриб чиқиш бўйича кўрсатма берди.

Мактабга ишчи ташриф давомида вазир мактаб педагоглари билан суҳбатда бўлди.

«Мактабингизни инвестиция дастурига киритиб, ҳолатини имкон борича тез фурсатларда яхшилаб беришга ҳаракат қиламиз. Бугун сизлардан сўрайдиган нарсам, ўзингиз таълим ва тарбия бераётган ўқувчилар орқали оилаларга маънавият ва маърифат олиб киришингиз керак. Ҳар бир бола орқали биз жамиятга маърифат улаша олишимиз керак. Шунда олдимизга қўйилган мақсадга эришамиз», — дейди вазир.

photo2021-11-2414-11-34.jpg

Шундан сўнг вазир синф хоналарга кириб ўқувчиларга вазир дарсини ўтиб берди. Дарс давомида ўқувчиларга ўзлари учун ёрқин келажак яратишга бугундан ҳаракат қилишлари зарурлигини уқтирди:

«Яхши касб эгаси бўлиш учун бугундан ўз устингизда ишлашингиз лозим. Бугун меҳнат қилсангиз, ўқисангиз ўз устингизда ишласангиз эртага албатта юксак марраларни забт этасиз», — деди Бахтиёр Саидов.

Бахтиёр Саидовнинг вилоят мактабларини ўрганиш жараёни давом этади.

Baham ko'ring: