Халқ таълими вазири Хоразм мактабларидаги муаммоларни ўрганмоқда

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов бугун Хоразм вилояти халқ таълими тизимида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш мақсадида ушбу ҳудудга борди.

Танишиш ишларини Хазорасп туманидаги 39-умумтаълим мактабидан бошлади. Бахтиёр Саидов мактабнинг битирувчи синф ўқувчиларига вазир дарсини ўтиб берар экан, уларнинг кимё, физика, биология ва чет тили бўйича билимлари билан қизиқиб, келажакда эгалламоқчи бўлган касблари ҳақида фикр алмашди.

photo2021-12-0213-40-31.jpg

Мактаб педагогик жамоаси билан учрашув чоғида ҳар бир фанни ҳаётга татбиқ этган ҳолда ўргатиш зарурлигини қайд этди ҳамда мактабга электрон доска ва 100 дан ортиқ дарслардан иборат видео-контент совға қилди.

«Ўқувчи ҳар бир фанни нима сабабдан ўрганиши кераклигини тушуниши лозим. Болага у ёки бу фан ҳаётида нима учун кераклигини тушунтира олсак, унда шу фанга қизиқиш уйғонади», — деди вазир.

photo2021-12-0213-40-31-2.jpg

Хоразм вилояти Халқ таълим бошқармаси томонидан вазирга вилоят ўқитувчи ва ўқувчиларининг билими даражасини аниқлайдиган Assessment program (APRO) дастури тақдимот қилинди. Мазкур дастур ўқитувчиларга билимидаги бўшлиқларни ўз вақтида аниқлаб, ўз устида ишлаш имконини бериши маъқулланди.

856 нафар ўқувчи таҳсил олаётган, 1987 йилда қурилган мактаб ўқитувчи ва ўқувчиларига муносиб шарт-шароит яратиш мақсадида мактабни 2022 йилги инвестиция дастурига киритиб, янги бино қуриб бериш таклифи билдирилди.

photo2021-12-0213-40-32.jpg

Ўрганиш ишлари Тупроққалъада давом этмоқда.

Baham ko'ring: