Мактаб ўқитувчиларининг билим ва маҳоратини оширишга йўналтирилган ўзбек-америка лойиҳасига расман старт берилди

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Америка ташкилотининг янги English Speaking Nation: Secondary Teacher Training лойиҳаси доирасида мамлакатимиз умумтаълим мактабларидаги 33 мингдан зиёд инглиз тили фани ўқитувчиларининг билим ва маҳоратини оширишга имкон яратилади.

English Speaking Nation: Secondary Teacher Training (ESN:STT) лойиҳаси – халқ таълими тизимидаги мактаб ўқитувчиларининг инглиз тили бўйича малакасини оширувчи дастур ҳисобланади. Мазкур дастур Халқаро таълим бўйича Америка Кенгашлари ва Халқ таълими вазирлиги билан яқин ҳамкорликда амалга оширилиб, юртимизда инглиз тили фани ўқитувчиларига касбий – профессионал ривожланиш учун кенг имкониятлар яратишга қаратилган.

ESN:STT дастури доирасида умумтаълим мактабларининг 15 000 нафар педагоглари ҳамда 1000 нафардан ортиқ тренер ўқитувчилари ишдан ажралмаган ҳолда ўқувчиларнинг инглиз тилидаги билим ва маҳоратини ошириш, шу билан бирга сифатли таълим беришга кўмак берувчи методларни ўрганади.

Ушбу уч йиллик дастур тренерларни тайёрлаш ва умумтаълим мактабларнинг инглиз тили ўқитувчилари учун малака оширишнинг каскад модели (қисқа муддат ичида кўп сонли мутахассисларни тайёрлаш), таълим берувчилар орасида ўзаро касбдошлик кўмагини шакллантиришга қаратилган тренерлик дастурларини ўз ичига олади.

ESN:STT Халқ таълими вазирлиги, вилоят малака ошириш марказлари ва бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда 21 аср глобал иқтисодиёти даврига ҳамнафас, тил кўникмалари ва воситаларига эга, ўзига ишонган инглиз тили ўқитувчилари жамоасини яратиш учун фаолият юритади.

Дастур уч босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда TESOL Халқаро Уюшмаси (TESOL) ва Жорж Мейсон университети (GMU) томонидан олиб бориладиган интенсив ўқув дастурида қатнашиш учун ҳар бири 40-45 нафар умумтаълим мактабларининг инглиз тили ўқитувчиларидан иборат иккита гуруҳ танлаб олинади.

Ҳар бир гуруҳ TESOLнинг 140 соатлик, жумладан Ўзбекистон умумтаълим ўрта мактабларида 20 соатлик мажбурий амалиёт ўташни ўз ичига олган асосий сертификат дастурида иштирок этади. Семинар-амалиётлари мамлакатимиз умумтаълим мактабларида TESOL ҳамда Жорж Мейсон университети томонидан икки ҳафта давомида олиб борилади.

Тўлиқ ўқув курсини тугатгандан сўнг номзодлар TESOL асосий сертификатига эга бўлади ва Ўзбекистоннинг асосий ўқитувчи-тренерлари жамоасига киритилади. Энг кучли ўқитувчи-тренерлар ESNнинг маҳоратли тренерлари бўлиши учун қўшимча тренингларда қатнашиши ва TESOLнинг 140 соатлик асосий сертификат дастурини ўз касбдошларига етказиши мумкин.

Иккинчи босқичда асосий ўқитувчи-тренерлар (CТ) Тренерларни Тайёрлаш Институтида 10-12 ҳудуддаги касбдош менторлар (RPM) гуруҳига тренинг ўтказади ва уларга менторлик қилади.

Учинчи босқичда CТлар тренерлиги ва раҳбарлиги остида RPM лар бир йил давомида 10 нафар мактаб ўқитувчиларини ўқитиб, уларга тренерлик қилади. Шу тарзда учинчи йил якунига қадар 15000 нафар ўқитувчиларни ўқитишга эришилади.

Дастур доирасида энг яхши 300 нафар RPMлар ESNнинг маҳоратли тренерлари томонидан ўқитилади ва TESOL асосий сертификатини олиш имкониятига эга бўлади. Шу асосда улар Ўзбекистоннинг энг нуфузли асосий ўқитувчи-тренерлари жамоасига аъзо бўлиш имконига эга бўлади. Асосий ўқитувчи-тренерлар жамоа тренерларининг иш режалари ва ўқув материалларини ишлаб чиқади. Улар Халқ таълими вазирлигига ўқитувчилар малакасини ошириш курсларини ўтказиш учун тавсия қилинади. CТлар ва RPMлар 2022 йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Минтақавий TESOL Конференциясида иштирок этиш имкониятига эга бўлади.

-2019 йилда халқ таълими тизимини ривожлантириш Консепцияси қабул қилинди, - дейди Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов. – Мазкур Консепция Халқ таълими вазирлиги томонидан халқаро ҳамкорларга намойиш этилди. Америкалик ҳамкорларимиз ушбу дастурни қўллаб-қувватлади. Инглиз тили халқаро тиллардан бири ҳисоблангани учун ҳам Ўзбекистон хорижий давлатлар билан ҳамкорликни кучайтирмоқда. Бошқа мамлакатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ва юртимиз рақобатбардошлигини ошириш учун мактаб битирувчилари чет тилини пухта билиши зарур. Мазкур дастур бу йўналишдаги илк қадамлардан биридир. Битирувчиларнинг чет тилини билиши интернет орқали ҳам қўшимча даромад топиш имконини беради. Бу эса “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Baham ko'ring: