Ҳар бир дарс ўқувчи ҳаётида унутилмас воқеа бўлиб қолмоғи зарур

Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган инсон ота-оналару болажонлар чин дилдан суйиб меҳр қўйган, “мен ҳам сиздек устоз бўламан“, дея ният қилган касбдошлари ҳавас қилган, фан боғининг миришкор боғбони Шамсиева Юлдуз Искандаровнадир.

Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги 272-сонли умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси Шамсиева Юлдуз Искандаровна чин маънода фидокор устоз, жонкуяр педагог, касб маҳорати сирларини ўртоқлашувчи касбдош.

Юсуф Хос Ҳожиб уқув-идрокни қоронғу тундаги машъалга, билимни эса ўша машъалдан таралаётган нурга қиёслайди. Ҳақиқатдан, Шамсиева Юлдуз ўзининг уқув-идроки билан болажонлар ҳаёт йўлларини чароғон этиб, нурли келажак сари етакламоқда.

Устозимиз мунтазам равишда ўз устида ишлайди, ўқувчиларни мустақил фикрлашга, нутқини равон, ҳуснихати талаб даражасида бўлишига ҳаракат қилади, ота-оналар билан алоқада бўлиб, фарзандлари тарбиясига етакчи эканликларини таъкидлаб, биргаликда ишлашга ундайди. Унинг бундай куюнчаклиги бесамар кетмай, ўқувчиларнинг дарсдаги фаолликларида кузатилади. Дарҳақиқат, ҳар киши эзгулик қилиши керак, эзгу инсоннинг ҳар бир иши чиройли, ҳар бир қадами гўзал.

47895.jpg

Эзгулик йўлини, билим йўлини ўзи учун энг мақбул йўл деб билган Шамсиева Юлдуз нафақат устоз, балки моҳир руҳшунос ҳамдир. Чунки болажонларни ўз атрофида жипслай олади, қалбларига йўл топиб, билимлар салтанатига эргаштира олади, рағбатлантирувчи омиллар билан таъсир ўтказиб дарс жараёнининг янада қизиқарли бўлишига эришади.

Ҳар бир дарс ўқувчи ҳаётида унутилмас воқеа, фикрида янги кашфиёт бўлиб қолмоғи учун ўқитувчи ўқувчини пассив тингловчидан фаол иштирокчи даражасига чиқариши зарур. Бунда ўқитувчидан юксак интеллектуал қобилият, ўқувчиларнинг қизиқишларини тўғри аниқлаб, мақсад сари йўналтира олиш талаб қилинади. Турли техник воситалар, кўргазмали қуроллар ёрдамида ўқувчиларнинг ижодий тафаккурини ўстириш, мантиқий фикр юритишларини ривожлантириш йўлларини излаб, янги-янги поғоналарни забт этиб келмоқда.

Шамсиева Юлдуз нафақат мактабда, туман миқёсида ўтказиладиган турли тадбирларда ҳам фаол. Турли семинарларда очиқ дарслари билан иштирок этиб салоҳиятини намоён этмоқда. 2017 йил «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» кўрик-танловида туман босқичида биринчи ўринни, Тошкент шаҳри миқёсида 2-ўринни эгаллади.

2018-2019 ўқув йилида ўтказилган анъанавий август кенгаши ҳамда семинарларда тренер сифатида фаол қатнашиб Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси томонидан фидокорона меҳнатлари учун фахрий ёрлиқ билан тақдирланган.

Таълим мутасаддиларининг фидойи устозлар фаолиятини муносиб баҳоси сабаб Шамсиева Юлдуз каби устозлар анвойи чечаклар мисол ҳар бир ерда униб, билимли болажонларнинг кўпайишига сабаб, кейинги ишларига қанот бўлмоқда. 2019-2020-ўқув йилининг биринчи ярим йиллигида бошланғич синф ўқитувчиларининг шаҳар форумида “Халқаро PIRLS тадқиқотлари доирасида ўқиш саводхонлигини баҳолашнинг умумий ёндашувлари” мавзусида тренер ўқитувчи сифатида иштирок этди. Моҳир педагог 2019-2020 ўқув йилида бошланғич таълим фан ойлиги доирасида ўтказилган «Энг яхши очиқ дарс» танловида 1-ўринни эгаллагани бунинг яққол исботидир. Унинг бу муваффақияти ҳам муносиб рағбатлантирилди.

2020 йил февраль ойида Халқ таълими вазирлиги ҳамда USAID (АҚШнинг халқаро ривожлантириш агентлиги) ташкилоти билан ҳамкорликда олиб борган «Ўзбекистонда таълим тизимини ислоҳ қилиш дастури» мавзусидаги семинарда РТИ (International) томонидан берилган сертификат соҳиби бўлди.

Шамсиева Юлдуз ҳар қандай вазиятда ҳам юрт чақириғига лаббай деб жавоб берадиган фидойи устоз. Ҳозирги коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб шароитда ҳам телевизион дарслар орқали барча ота-оналар ва болажонлар кўнглидан жой олди. Ширин табассуми, ифодали сўзлаши, муомаласи билан ҳар бир хонадонга кириб борди. Шу сабабли ҳақли равишда “Onlayn maktab” лойиҳасининг энг фаол устозларидан бири сифатида эътироф этилди.

Шамсиева Юлдузнинг тинимсиз меҳнати бесамар кетмади. У «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.

У каби ўз касбининг усталарини ҳеч бир муболағасиз давримиз қаҳрамонлари деб атасак хато бўлмайди.

Baham ko'ring: