266 нафар инглиз тили ўқитувчиси English Speaking Nation дастури доирасида сертификатлар билан тақдирланди

Эндиликда улар 120 соатлик назарий TESOL курсини тамомлаб, 20 соатлик амалиётни бошлайди.

Халқ таълими вазирлиги АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Халқаро таълим бўйича Америка Кенгашлари (American Councils) билан биргаликда 20 сентябрдан 2 октябрга қадар Тренерларни тайёрлаш институти тренингини амалга оширди.

photo2021-10-0616-42-45-2.jpg

Тренингда 200 дан ортиқ асосий ўқитувчи-тренер ва энг малакали ҳудудий касбдош менторлар иштирок этди. Тренинглар 7 нафар TESOL инструкторлари, 4 нафар Жорж Мейсон Университети инструктори ҳамда ESN: Coaches Program дастурининг 7 нафар америкалик тренер томонидан ўтказилди.

2 октябрь куни Daniel Hill меҳмонхонасида мазкур тренингларнинг расмий ёпилиш маросими ўтказилди ва унда TESOL Core Certificate Program курсини ва Жорж Мейсон Университетининг Teaching English Through English курсини муваффақиятли тамомлаган ўқитувчиларга сертификатлар топширилди.

photo2021-10-0616-42-4614.jpg

Аввалроқ, июнь-июль ойларида Халқ таълими вазирлигининг хорижий ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилаётган English Speaking Nation дастури доирасида республикамиз бўйлаб 266 нафар инглиз тили ўқитувчилари учун TESOL Core Certificate Program (TESOL сертификатлаш дастури) амалга оширилган эди. Мазкур дастурлар инглиз тили ўқитувчилари учун малака ошириш интенсив курсларини англатади. Эндиликда ўқитувчилар 20 соатлик амалий кузатувларни бошлади.

English Speaking Nation дастури халқ таълими тизимидаги 15 мингдан ортиқ ўқитувчиларнинг малакасини оширишни кўзда тутади. Шу мақсадда 91 нафар асосий тренер ўқитувчи саралаб олинган бўлиб, улар хорижий мутахассислар кўмагида 850 нафар ҳудудий касбдош менторлар учун курслар ташкил қилиб келмоқда.

photo2021-10-0616-51-06.jpg

Дастурнинг кенг қамровини инобатга олган ҳолда, курсларни тўлиқ ва муваффақиятли тамомлаган ўқитувчилар жойларда 15 мингдан ортиқ ўқитувчилар учун тренинглар олиб боришлари режалаштирилган.

Baham ko'ring: