Халқ таълими вазирлиги ахбороти

2019.04.19 | Янгиликлар

Шайхонтоҳур туманидаги 141-умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида чиққан низо бўйича Халқ таълими вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади:

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Шайхонтоҳур туманидаги 141-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Б.Мирзаева ўқувчисига нисбатан қўпол хатти-ҳаракатлар содир этганлиги ҳақидаги видеолавҳа эълон қилинди.

Мазкур ҳолат Халқ таълими вазирлигининг Ҳуқуқий-назорат хизмати томонидан ўрганилганда, 9-синф ўқувчиси И.Б. дарс жараёнига халақит бергани маълум бўлди. Ўқитувчининг танбеҳига қарамай, у баланд овозда гапириб, дарсга халақит берган.

Ўқувчининг қўли кикбокс спорт тўгарагида лат егани сабабли гипсда бўлган. Ўқитувчи ўқувчига “Ўнг қўл билан ёзсанг бўлади-ку”, деганида, бола педагогни ҳақорат қилган. Бу гапларни кўтара олмаган ўқитувчи ўқувчини бир неча бор туртган, лекин урмаган.

Ушбу жараённи шу синф ўқувчиси Р.М. уяли телефонига тасвирга олиб, синфдоши С.К. ва М.А.га Telegram мессенжери орқали юборган.

2018 йилнинг 13 январида ўқувчи Б.И. мактабнинг ички тартиб қоидаларига риоя қилмаганлиги, тенгдошлари билан ўзаро келишмовчилиги ҳамда педагог ходимларга нисбатан қўпол муносабати сабабли таълим муассасаси ички рўйхатига олинган. Мактаб маъмурияти, синф раҳбари, психолог ҳамда профилактика нозири томонидан тушунтириш ҳамда профилактик ишлар олиб борилганлиги натижасида ўқувчи ижобий томонга ўзгарган. 2018 йил 17 майда мактабнинг ички назоратидан чиқарилган.

Жорий йилнинг 18 апрель куни 141-умумий ўрта таълим мактабида жамоатчилик иштирокида Вояга етмаганлар ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани идоралараро комиссияси сайёр мажлиси ўтказилди ва мазкур иш кўриб чиқилди.

Комиссия қарорига кўра, Б.И. ва Р.М. ота-оналари Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддасига асосан жаримага тортилди.

Мазкур моддага кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши — энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ўқитувчи Б.Мирзаева мазкур вазиятдан сўнг ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзган. Аммо синфнинг бошқа ўқувчилари ўқитувчи ҳақида ижобий фикр билдирганлар ва Б.Мирзаеванинг аризаси инобатга олинмаган. Ўқитувчи ушбу мактабда ўз фаолиятини давом эттиради.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100187, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, М.Улуғбек тумани, Буюк ипак йўли кўчаси, 243-уй.
Телефон: (+99871)265-90-92, факс: (+99871)265-90-92 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 34

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.