Қоракўл туманида “Халқаро математика мактаби” ташкил этилди

2019.08.10 | Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Бухоро вилояти, Қоракўл туманида “Халқаро математика мактаби”ни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.

Мазкур қарорга кўра, Қоракўл туманидаги 1-сон ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатига “Халқаро математика мактаби” мақоми берилди.

Халқаро мактаб умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари асосида замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда аниқ ва табиий фанлар ҳамда чет тилларининг чуқур ўқитилишини ташкил этиш, шунингдек, ўқувчиларнинг ижодий салоҳиятини намоён қилиш ва фаоллаштириш бўйича амалий иш олиб боради.

Ҳар бир ўқувчининг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда мустақил тадқиқотчилик фаолияти кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш Халқаро мактабнинг вазифаларига киради.

Мактабга юқори касб маҳоратига эга бўлган маҳаллий ва хорижий мамлакатлардан тажрибали ўқитувчиларни жалб этиш бўйича керакли чоралар кўрилади.

Шу билан бирга, таълим муассасаси ўқувчиларда иқтидор ва истеъдодни аниқлаш ҳамда камол топтириш мақсадида уларни республика ва халқаро фан олимпиадалари, танлов, қолаверса бошқа тадбирларда қатнашишга тайёрлайди.

Республикадаги аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабларига умумий методик ёрдам кўрсатиш мактабнинг вазифаларидан биридир.

Бухоро вилояти, Қоракўл тумани, Улуғбек кўчаси, 5-уйда жойлашган Қоракўл саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди билан биргаликда Халқаро мактабга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилади.

Ҳужжатга кўра, 2019−2020 ўқув йилидан Халқаро мактабнинг 7-синфига 90 нафар ўқувчи қабул қилинади.

Хорижий мамлакатлардан математика фанига қизиқувчи иқтидорли ўқувчиларнинг шартнома асосида таълим олишига имконият яратиш бўйича вазифалар белгиланиб берилди.

Халқаро мактабда ўқувчиларга янада чуқурроқ билим бериш,  илғор тажрибалар ва ўқитиш методикасини сингдириш учун хорижий мамлакатлардан ўқитувчиларни ишга қабул қилишга рухсат берилди.

2019−2020 ўқув йилидан бошлаб Халқаро мактаб директори, ўринбосарлари ва ўқитувчиларига бюджет маблағлари ҳисобидан 100 фоиз қўшимча устама ҳақ тўланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Халқ таълими вазирлигига Халқаро мактабга олий таълим муассасаларини тамомлаган иқтидорли педагог-кадрларни жалб этиш вазифаси юклатилди.

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100031, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 14-уй.
Телефон: (+99871)215-52-81, факс: (+99895)479-99-08 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 35

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.