Даволаш-профилактика муассасалари қошида мактаблар ташкил этиш режалаштирилмоқда

2019.05.06 | Янгиликлар

Халқ таълими вазирлиги “Даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда узоқ муддат даволанишга муҳтож болаларга умумий ўрта таълим беришни ташкил этиш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини муҳокама учун жойлаштирди.

Мазкур ҳужжат билан даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда узоқ муддат даволанишга муҳтож болаларга умумий ўрта таълим бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш режалаштирилган.

Низом лойиҳасига кўра, даволаш-профилактика муассасалари қошидаги умумий ўрта таълим  мактаблари давлат таълим стандартлари ҳамда улар асосида ишлаб чиқилган махсус таълим (ақли заиф ва руҳий ривожланишда орқада қолган болалар учун) талабларига мувофиқ ҳар бир шахснинг таълим ва тарбия олишдаги конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқариш, уларнинг умумий ўрта таълим олишини ва билиш имкониятларига мувофиқ тарбиялаш мақсадида ташкил этилади.

Даволаш-профилактика муассасалари қошидаги умумий ўрта таълим  мактабларида таълим олиш бепул амалга оширилади ва таълим олиш тилини танлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Даволаш-профилактика муассасалари қошидаги умумий ўрта таълим  мактабларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

•  ўқувчилар томонидан мунтазам билим олинишини таъминлаш, уларнинг билим олиш эҳтиёжини қондириш;

•  ўқувчиларда миллий ҳамда умумбашарий қадриятларни уйғунлаштириш асосида юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни тарбиялаш, уларнинг таълим-тарбия олишлари учун шарт-шароит яратиб бериш;

•  ўқувчиларнинг умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари ҳамда улар асосида ишлаб чиқилган (ақли заиф ва руҳий ривожланишда орқада қолган болалар учун) махсус таълим талабларига мувофиқ билим олишларини таъминлаш;

•  таълим бериш жараёнида ўқувчиларнинг соғлиғини ҳимояловчи дарс жадвалига риоя этилишини таъминлаш.

Даволаш-профилактика муассасалари қошидаги умумий ўрта таълим мактаблари ихтисослашувига мувофиқ қуйидаги турларга бўлинади:

•  I - сил касаллиги ва унинг шаклларига чалинган болалар учун даволаш-профилактика муассасалари қошидаги умумий ўрта таълим мактаблари;

•  II - таянч тизими касалликлари ва уларнинг асоратларига чалинган болалар учун даволаш-профилактика муассасалари қошидаги умумий ўрта таълим  мактаблари;

•  III - руҳий асаб касалликларига чалинган болалар учун даволаш-профилактика муассасалари қошидаги умумий ўрта таълим мактаблари.

Даволаш-профилактика муассасалари қошидаги умумий ўрта таълим мактабларида бошланғич таълим (I — IV синфлар) ҳамда умумий ўрта таълим (I —XI синфлар) босқичларидан иборат бўлиб, кундузги таълим шаклида амалга оширилади.

Ўқувчини даволаш-профилактика муассасасига даволаш учун қабул қилинганлиги, уни даволаш-профилактика муассасаси қошидаги умумий ўрта таълим мактабига қабул қилиш учун асос ҳисобланади.

Ўқувчиларни даволаш-профилактика муассасалари қошидаги умумий ўрта таълим мактабларига қабул қилиш ҳамда уларга таълим бериш белгиланган тартибда вақтинчалик ташкил этилади.

30 кун ва ундан ортиқ давр мобайнида даволанадиган ўқувчи ёшидаги беморлар даволаш-профилактика муассасаси қошидаги умумий ўрта таълим  мактабига қабул қилинаётганда ўзи таълим олаётган умумий ўрта таълим мактабининг раҳбарияти томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган ёзма маълумотнома тақдим этади.

Ўқувчи даволаш-профилактика муассасасига қабул қилингандан бошлаб бир кун муддатда ёши ва умумий ўрта таълим мактаби томонидан тақдим этилган маълумотномага мувофиқ синфга бириктирилади ва даволанишга қадар мактаб раҳбариятига даволаш-профилактика муассасаси қошидаги умумий ўрта таълим мактаби мудири томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган ёзма маълумотнома юборилади.

Даволаш-профилактика муассасаси қошидаги умумий ўрта таълим мактабида синфлардаги ўқувчилар сони 10-20 нафарни ташкил этади. Синфдаги ўқувчилар сони етарли бўлмаган ҳолларда бошланғич синфларда ўқувчилар (1-3-синф, 2-4-синф, 1-4-синф) комплект синфларга бирлаштирилади. Юқори синфларда ўқувчи сонидан қатъи назар синфлар очишга рухсат берилади. Дарс соатининг давомийлиги 40 дақиқадан иборат бўлади.

Ўқитувчиларни зарур дарсликлар, ўқув-методик қўлланмалар ҳамда синф журналлари билан таъминлаш мақсадида даволаш-профилактика муассасаси ҳудудий жойлашувига кўра туман (шаҳар) халқ таълими бўлимига буюртма беради.

Буюртмага асосан туман (шаҳар) халқ таълими бўлими ўқувчиларни бепул равишда дарсликлар, ўқитувчиларни ўқув-методик қўлланмалар ҳамда синф журналлари билан таъминлайди.

Оғир ва авж олувчи касалликларга чалинган, шунингдек, жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган ўқувчи даволовчи шифокор тавсиясига кўра,  соғлиғини ҳимояловчи режимга ўтказилиши, айрим фанлар бўйича дарс машғулотларидан озод этилиши ёки дарс соатларининг давомийлиги қисқартирилиши мумкин. Бунда, албатта, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (кейинги ўринларда ота-оналар деб аталади) билан келишилиши шарт.

Даволаш-профилактика муассасалари қошидаги умумий ўрта таълим  мактабларида олиб борилган дарслар ўқитувчи томонидан белгиланган тартибда синф журналида қайд этиб борилади.

Ўқувчи даволаниб, даволаш-профилактика муассасасидан чиқарилаётганда, таълим олган умумий ўрта таълим мактабига тақдим этиш учун унинг ота-онасига синф журналидан кўчирилган баҳолар қайдномаси (маълумотномаси) берилади. Ушбу қайднома даволаш-профилактика муассасаси қошидаги умумий ўрта таълим мактаби мудири томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган булиши зарур.

Даволаш-профилактика муассасаси қошидаги умумий ўрта таълим мактабларининг филиалларида таълим жараёни ўқув режасига мувофиқ даволаш-профилактика муассасаси яқинидаги умумий ўрта таълим мактабларида фаолият кўрсатаётган ўқитувчилар томонидан амалга оширилади.

Даволаш-профилактика муассасаси қошидаги умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчиларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қўшимча ҳақ тўланади.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100031, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 14-уй.
Телефон: (+99871)215-52-81, факс: (+99895)479-99-08 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 36

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.