Кўчма малака ошириш курслари

2017.07.20 | Янгиликлар

Раҳбарнинг ўз иш ўрнида бўлиши жамоада тартиб-интизомни сақлаб, иш унумдорлигини оширади. Ишни тўғри ташкил эта олиш, назоратни меъёрида ушлаш ҳамда ташаббускорликни қўллаб-қувватлаш, ходимларни рағбатлантириб туриш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда таълим муассасаси раҳбарлари малакасини ошириш тизими йўлга қўйилган. Шу кунгача раҳбар ходимлар бир ой давомида ўз иш жойидан ажралган ҳолда Абдулла Авлоний номидаги ХТХҚТМОМИда ўз билим ва маҳоратларини оширар эди.

— Умумтаълим мактаблари директорлари ҳар уч йилда малака ошириши шарт, — дейди Наманган шаҳридаги 82-мактаб директори Маъсуда Мирзамова. — Бунинг учун раҳбар бир ой муддатда ишдан ажралиб, давлат ҳисобидан кетадиган салмоқли маблағ эвазига хизмат сафарига бориши талаб этилган. Бу шу вақт мобайнида иш унумдорлиги ва таълим сифатига ҳам ўз таъсирини кўрсатган.        

Халқ таълими вазирлигининг 2017 йил 23 майдаги 170-сонли буйруғига асосан халқ таълими ходимларининг малакасини оширишда ўқув жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш ва тингловчиларнинг яшаш манзилларини инобатга олган ҳолда Абдулла Авлоний номидаги ХТХҚТМОМИ томонидан июнь-декабрь ойларида кўчма малака ошириш курс­лари ташкил этилиб, ўқув режа ишлаб чиқилгани бу муаммога ечим бўлди.

Унга кўра, марказий институт томонидан шу йилнинг июнь ойида Наманган ва Андижон вилояти бўйича бешта гуруҳда жами 250 тингловчининг малакасини ошириш бўйича кўчма машғулот ташкил этилди.

Жумладан, Андижон вилоятида 125 нафар мактаб директори малака ошириш курсларида иш жойи­дан узоқлашмаган ҳолда малака оширди. Сифатли таълимни таъминлаш мақсадида марказий инс­титутнинг 25 нафар профессор-ўқитувчилари ўқувлар олиб борди.

— Мактаб директорлари курс давомида таълим соҳасидаги ўзгаришлар, Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги  140-сонли ҳамда “Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 187-сонли қарори мазмун-моҳиятини ўрганди, — дейди Абдулла Авлоний номидаги ХТХҚТМОМИ ҳудудий ўқув жараёнини ташкил этиш бўйича масъул ходими Муроджон Аҳмедов. — ўқув курслари давомида турли семинарлар ташкил этилди. Мактаб директорларининг молиявий саводхонлигини ошириш мақсадида машҚулотларга Андижон вилояти молия бошқармасидан юқори малакали мутахассислар таклиф этилди. Таълим муассасалари фаолиятида йўл қўйилаётган молиявий қонунбузилишлар ва уларнинг олдини олиш чоралари, раҳбар кадрларга нисбатан қўлланилаётган молиявий жарималар, харажатлар сметасини шакллантириш, бюджет ижросини таъминлаш тартиби мавзуларида давра суҳбатлари олиб борилди.

Наманган вилояти ХТХҚТМОИ базасида ташкил этилган ўқув курс­ларида амалдаги йилнинг иккинчи ярмида малака оширишлари режалаштирилган мактаб директорлари вилоятдан четга чиқмаган ҳолда сабоқ олди. 

— Бу биз учун катта имконият бўлди, — дейди Янгиқўрғон туманидаги 36-мактаб директори Собитхон Баҳриддинов. — Eтакчи устозлардан таълим тизимидаги энг сўнгги янгиликлар, технологиялар ва услубларни ўзлаштирдик. Энг муҳими, олган билимларимизни шу куннинг ўзида мактаб жамоасига етказиш, улар билан ҳамфикр бўлиш имкони туғилди.

Абдулла Авлоний номидаги ХТХҚТМОМИнинг масъул вакили Зарифа Сотимбоева яратиб берилган шарт-шароит ва эътибордан мамнун эканлигини изҳор этади:

— Вилоятда профессор-ўқитувчиларимиз учун жуда яхши шароит яратилган. Барча машҚулотлар мукаммал жиҳозланган, зарур қулайликлар ва техник имкониятларга эга аудиторияларда ўтилди. Моддий-техник имкониятлар кенг­лиги таълим сифати ва мазмунига ижобий таъсир кўрсатди.

Жорий йилнинг сентябрь ойида Фарғона вилояти ва марказий институт (Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятидаги таълим муассасалари раҳбарлари учун)да 14 та гуруҳда жами — 350 нафар, октябрь ойида Хоразм вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси ва марказий институтда 18 та гуруҳда жами — 450 нафар, ноябрь ойида Бухоро (Навоий вилояти учун ҳам), Самарқанд (Жиззах вилояти учун ҳам) вилоятларида ва марказий институтда 20 та гуруҳда жами — 500 нафар, декабрь ойида Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ва марказий институтда 17 та гуруҳда жами — 425 нафар тингловчиларнинг малакасини ошириш режалаштирилган.    

Ҳудудларга борадиган ҳар бир профессор-ўқитувчининг нафақат тингловчиларга, балки ҳудудий малака ошириш институтлари профессор-ўқитувчиларига ҳам ҳукумат қарорлари ва таълимга оид меъёрий ҳужжатлар мазмунини тушунтириш бўйича махсус семинарлар ташкил этиши белгилаб қўйилган.

Феруза ХОЛМУРОДОВА,
Орифжон СИДДИҚОВ,
Ғанишер АКБАРОВ,
“Мa’rifat” мухбирлари

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100031, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 14-уй.
Телефон: (+99871)215-52-81, факс: (+99895)479-99-08 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 35

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.