Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизими ташкил этилади

2019.05.03 | Янгиликлар

Жорий йилнинг 3 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга кўра Халқ таълими вазирлиги тузилмасида 14 та штат бирлигидан иборат Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти ташкил этилади.

Қуйидагилар департаментнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • иқтидорли ўқувчи ёшларни аниқлаш, улар фаолиятини илмий ва услубий жиҳатдан таъминлаб бориш, соҳада илғор тажрибаларни оммалаштириш ва улар асосида таълим муассасалари учун тавсия ва қўлланмалар ишлаб чиқиш;
  • умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида маҳаллий ва халқаро, шу жумладан, нодавлат фан олимпиадаларини ташкил этиш, уларнинг халқаро олимпиадалардаги иштирокини таъминлаш;
  • юқори малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда олимпиадалар учун доимий янги назорат материалларини ишлаб чиқиш;
  • халқаро олимпиадалар иштирокчиларини юқори малакали мутахассислар, шу жумладан, олимлар, профессор-ўқитувчилар, хорижлик мутахассисларни жалб қилган ҳолда тайёрлаш, инглиз тили ва рус тили фанларидан мулоқот қилиш кўникмаларини шакллантириш мақсадида махсус курслар ташкил этиш;
  • олимпиадаларда юқори натижаларни қайд этган иқтидорли ўқувчиларнинг келгусидаги фаолиятини мониторинг қилиб бориш ва қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш.

Қарорга асосан ғолиблари давлат олий таълим муассасаларига тест синовисиз ва қўшимча имтиҳонсиз қабул қилинадиган халқаро олимпиадалар рўйхати шакллантирилади. Шунингдек, 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ўтказиладиган қўшимча республика олимпиадалари ҳамда давлат таълим стандартлари ўқув дастурлари ва режаларида белгиланган фанлар, уларга ажратилган ўқув соатларидан келиб чиққан ҳолда асосий олимпиадалар ўтказиладиган фанлар рўйхати тасдиқланди.

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб асосий олимпиадаларнинг республика босқичида 1-3-ўринни эгаллаган иштирокчиларга ихтисослик фани бўйича давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва уч йил муддат давомида амал қилувчи сертификат тақдим қилинади. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Фанлар академияси, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда олий таълим муассасасига қабул қилинган олимпиада ғолибларига “устоз-шогирд” тизими асосида тегишли соҳада юқори натижаларга эришган малакали мутахассислар бириктирилади.

Халқаро олимпиадалар ғолиблари ва уларнинг ўқитувчилари энг кам ойлик иш ҳақининг қуйидаги миқдорларида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:

1-ўрин (олтин медаль) учун – 500, ўқитувчисига –450 баравари;

2-ўрин (кумуш медаль) учун – 300, ўқитувчисига –250 баравари;

3-ўрин (бронза медаль) учун – 200, ўқитувчисига –150 бараварида.

Асосий олимпиадалар республика босқичи ғолибларининг ўқитувчилари энг кам ойлик иш ҳақининг қуйидаги миқдорларида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:

1-ўрин учун – 50 баравари;

2-ўрин учун – 35 баравари;

3-ўрин учун – 30 бараварида.

Халқаро олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар ва таълим муассасаси директорларига навбатдаги ўқув йили учун директор жамғармасидан олтин, кумуш ва бронза медаллари бўйича тегишинча қўшимча 200, 175 ва 150 фоизлик устама тўланади.

Таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган халқаро олимпиадалар ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 150 фоиз, шу билан бирга асосий олимпиадалар республика босқичи ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 100 фоизлик устама ҳақи тўланади.

Олий таълим муассасасини тамомлаган олимпиада ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан шакллантириладиган истиқболли мутахассислар захирасига киритилади.

Департамент Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим мактабларининг 4-11-синфлари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари учун ҳар чоракда онлайн тарзда олимпиадалар ташкил қилиш орқали иқтидорли ўқувчилар захирасини шакллантириб, захирага киритилган ёшлар учун Халқ таълими вазирлиги веб-сайти орқали ҳар ойда чуқурлаштирилган назорат материаллари, шу жумладан, тест, ёзма ишлар учун масалалар етказиб борилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан уч ой муддатда  умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ўтказиш ташкил этилиб, халқаро олимпиадалар иштирокчиларини саралаш тартиби ишлаб чиқилади ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

Барча босқичдаги олимпиада натижалари, шу жумладан, иштирокчилар тўғрисида маълумот, уларнинг ёзма ишлари тўлиқ ахборот тизимига киритилиб, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги веб-сайтида эълон қилинади.

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100031, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 14-уй.
Телефон: (+99871)215-52-81, факс: (+99895)479-99-08 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 34

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.