АҚШнинг “Harlem Globetrotters” баскетболчилари Наманганга ташриф буюрди

2019.05.01 | Янгиликлар

Аввал хабар берилганидек, Халқ таълими вазирлиги ва АҚШ элчихонаси ташаббуси билан мактаб ўқувчилари ўртасида спортни ривожлантириш мақсадида “Harlem Globetrotters” баскетбол жамоаси юртимизга ташриф буюрди. Ташриф доирасида АҚШнинг “Harlem Globetrotters” баскетбол жамоаси вакиллари томонидан юртимиз мактабларида маҳорат дарслари ташкил этилмоқда.

Спортнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти ортиқча изоҳ талаб қилмайди. Зеро, спорт бу саломатлик, етуклик, баркамоллик ва шижоат демакдир.

Айниқса, келажагимиз эгаларининг болалик кезларидан спортга ошно бўлиб улғайиши уларнинг жисмонан етуклиги, қатъият, шижоат ва матонат борасида тобланиб боришлари баробарида бўш вақтларини мазмунли ва самарали ташкил этишга хизмат қилади. Бу фарзандларимизнинг ножўя йўлларга кириб, ҳар хил зарарли иллатларга чалғимаслигини ҳам кафолатлайди.

Халқ таълими вазирлиги ва АҚШ элчихонаси томонидан ўқувчилар ўртасида спортни ривожлантириш, ёшлар орасида баскетбол ўйинини тарғиб қилиш ва буллингга қарши курашиш мақсадида ташкил этилаётган ташаббус ана шундай эзгу саъй-ҳаракатларга қаратилган.

29 апрелдан 4 майга қадар давом этадиган тадбирлар жараёнида АҚШнинг “Harlem Globetrotters” баскетбол жамоаси вакиллари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида спортсевар ўқувчилар иштирокида маҳорат дарсларини олиб боради.

30 апрель куни ана шундай маҳорат дарслари Наманган вилоятининг Чуст туманидаги 64-умумтаълим мактабида ташкил этилди. Жараёнларда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан 300 нафардан зиёд ўғил-қизлар фаоллик ва катта иштиёқ билан қатнашди.

Таъкидлаш жоизки, спорт тинчлик ва дўстлик элчиси сифатида аҳолининг барча қатламлари, хусусан, ёшлар ўртасида аҳиллик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга, янги дўстлар орттиришга хизмат қилади. Энг аҳамиятлиси, спорт жўшқинлик ва иштиёқ, ҳаётни севиш ва муваффақиятларга интилиш омили сифатида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этган ҳолда улар ўртасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик ва зўравонлик каби иллатларнинг олдини олиш кафолати ҳамдир.

Шунинг учун ҳам машғулотларда барча ўқувчилар зўр иштиёқ билан иштирок этишди. АҚШнинг “Harlem Globetrotters” баскетбол жамоаси вакиллари Фатима Листер (TNT) ва Жулиус МакКларкин (Zeus) “T.E.A.M.Up at School” дастури доирасида маҳорат дарслари ўтишди, ўқувчилар билан машғулотларда иштирок этишди. Дунёнинг машҳур ва маҳоратли баскетболчилари ўтган маҳорат дарслари ўғил-қизларнинг спортга бўлган иштиёқини, хусусан, баскетболга қизиқишларини янада оширди.

Машғулотлар жараёнида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоят халқ таълими бошқармаси, спорт бошқармаси вакиллари ҳам иштирок этди. Маҳорат дарсларида фаол иштирок этган ўқувчиларга сертификатлар топширилди.

Ёшларни спортга жалб этиш орқали уларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш ҳамда келажагимиз эгалари орасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик иллатларининг олдини олишдек эзгу мақсадга қаратилган маҳорат машғулотлари бутун мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда. 

Наманган вилояти халқ таълими
бошқармаси Ахборот хизмати

 

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100031, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 14-уй.
Телефон: (+99871)215-52-81, факс: (+99895)479-99-08 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 38

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.