Таълим ва тарбия уйғунлиги

2016.06.09 | Янгиликлар

ёшларимизнинг келажакда юксак маънавиятли, етук шахс бўлиб
камол топишига мустаҳкам пойдевор қўяди

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Истиқлолнинг илк кунларидан бошлаб мамлакатимизда ёшларнинг ҳар томонлама баркамол авлод бўлиб улғайишига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратиб келинмоқда. Юртбошимизнинг “Таълимни тарбиядан, тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмайди — бу шарқона қараш, шарқона ҳаёт фалсафаси” деган ғояси асосида ёш авлодни чуқур билимли, замонавий дунёқараш эгаси қилиб ўстириш баробарида, улар қалбида эзгу туйғуларни юксалтириш, Ватанга муҳаббат, халққа садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш вазифаси таълим муассасаларида устувор аҳамият касб этди.

Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги қонунларида назарда тутилганидек, таълим муассасаларида олиб бориладиган маънавий-ахлоқий тарбия ва маънавий-маърифий ишлар пировардида бутун жамиятда маънавий янгиланиш жараёнларини амалга ошириш, соғлом маънавий муҳитни юзага келтиришда асосий омил саналади. Бу эса, энг аввало, жамият тараққиётига ўз муносиб ҳиссасини қўшишга қодир бўлган ижодий фаол шахсни шакллантиришда таълим муассасаларининг оила, маҳалла ҳамда жамоат ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорликда иш олиб боришини тақозо этади.

Мустақиллик йилларида таълим-тарбия соҳасига ёндашув тубдан ўзгарди. Илғор ғоялар, илм-фан тараққиёти, мамлакатимизнинг ҳозирги ва истиқболдаги ривожланишини таъминлашга хизмат қиладиган мақсадлардан келиб чиққан ҳолда шакл ҳамда мазмун жиҳатдан буткул янги узлуксиз таълим тизими жорий этилди. Халқимизнинг бола таълим-тарбияси билан боғлиқ азалий қадрият ва анъаналари тикланди, ҳозирги давр талабларига мос тарзда улар бойитиб борилмоқда. Жумладан, ёш авлод тарбиясида муҳим аҳамият касб этадиган оила, маҳалла, таълим муассасаси ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг йўлга қўйилганини бунинг яққол мисоли сифатида айтиш мумкин. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 июндаги “Баркамол авлодни тарбиялашда оила институти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан, Халқ таълими вазирлиги ҳузурида “Оила – маҳалла – таълим муассасаси ҳамкорлиги” жамоат кенгаши ташкил этилди. Жамоат кенгаши 14 та вазирлик, идора, республикадаги жами умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда ёшларнинг сифатли таълим олиши,  маънавий оламини бойитиш, жамиятдан ўз муносиб ўрнини топиши учун ҳар томонлама соғлом муҳитни яратиш йўлида фаолият олиб бормоқда.

Тинчлик, осойишталик – муқаддас неъмат. Уни асраб-авайлаш, қадрига етиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Шу маънода глобаллашув жараёнлари барчамизга ўқувчиларга сифатли билим бериш баробарида, уларда ватанпарварлик, бағрикенглик, ҳушёрлик ва огоҳлик туйғуларини тарбиялаш ҳамда юксалтириш каби муҳим вазифаларни қўймоқда. Президентимиз “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” асарида таъкидлаганидек, “Ҳозирги вақтда дунёнинг узоқ-яқин турли ҳудудларида юз бераётган ташвишли воқеалар, жумладан, бизнинг минтақамизда, ён-атрофимизда кучайиб бораётган хавф-хатарлар, қонли тўқнашувлар, сиёсий ва иқтисодий қарама-қаршиликлар, терроризм, радикализм, наркотрафикнинг тобора авж олаётгани тинчлик ва барқарорликка қандай катта таҳдид туғдираётгани ҳақида, ўйлайманки, ортиқча гапириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Мана шундай тобора кескинлашиб бораётган бир вазиятда, биз ҳушёрлик ва сергаклигимизни йўқотмасдан, кимлар бизга хайрихоҳ, кимлар ғаразли кўз билан қараётганини, бугунги ҳаёт, бугунги давр бизнинг олдимизга қандай ўткир талаб ва вазифаларни қўяётганини чуқур англаб, огоҳ, сезгир ва сафарбар бўлиб яшашимиз талаб қилинмоқда”.

Дарҳақиқат, бугунги кунда бундай бузғунчи ғоялар билан қуролланган ёт кучлар аввало ўз домига ҳали оқни қорадан ажрата билмаган ёшларни тортаётгани, улардан фойдаланиб айрим мамлакатларда ўз мақсадларини амалга оширишга ҳаракат қилаётганига гувоҳмиз. Шундай бир қалтис вазиятда биз – педагоглар томонидан ўқувчиларга экстремистик ва террористик кучларнинг нопок ва ғаразли ниятлари ҳақида батафсил тушунча бериш, уларга қўшилган одамларнинг аянчли тақдирини рўй-рост кўрсатиш, уларни “оммавий маданият”нинг салбий таъсирларидан ҳимоя этиш, ташкил этилаётган тадбирларда маҳалла фаоллари, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ва ота-оналарнинг фаол иштирокини таъминлашимиз лозим.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Халқ таълими вазирлиги ҳузурида фаолият кўрсатаётган “Оила – маҳалла – таълим муассасаси ҳамкорлиги” жамоат кенгашининг ҳам асосий диққат-эътибори  айнан шу вазифани амалга оширишга қаратилган.

Жамоат кенгаши томонидан ҳамкор ташкилотлар иштирокида тарғибот-ташвиқот ишлари ва бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўқувчиларни таълим-тарбия жараёнига кенг жалб этишда оила ва маҳаллаларнинг фаоллигини таъминлаш, таълим муассасаларида маънавий-маърифий йўналишдаги ишларнинг самарадорлигини янада оширишга хизмат қиладиган ўқув-услубий, методик адабиётлар яратилмоқда. Жумладан, “Оилада соғлом турмуш тарзини шакллантиришда ота-онанинг роли”, “Болалар тарбияси бузилиши ва унинг олдини олиш юзасидан ота-оналарга маслаҳат”, “Оилада ота-она ва фарзандларнинг бурч ва масъулияти”, “Ота ва она бўлиш масъулияти”, “Психологларнинг оналарга маслаҳати” каби ота-оналарнинг фарзандлар тарбиясидаги ўрни, мажбурияти, масъулияти ва ўзаро муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган тавсиялар яратилди. Умумтаълим мактабларининг 9-синфи ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг 1-3-босқич ўқувчиларига мўлжалланган “Шарқона тарбия” номли қўлланма ҳамда ўқувчи қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган “Ораста қиз ёндафтарчаси” номли қўлланмалар ишлаб чиқилиб, барча таълим муассасаларига етказилди. Ўқувчилар ўртасида ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган бир қатор йўриқнома, услубий тавсия, буклет ҳамда слайдларнинг тайёрланиши ҳам таълим-тарбия самарадорлигини оширишга хизмат қилаяпти.

Таълим муассасалари ва маҳаллалар ҳамкорлигида “Бир болага етти қўшни ота-она” шиори остида “Оила – муқаддас тушунча”, “Ота ва она – оила таянчи”, “Оилавий анъаналар”, “Маҳалла ва оила маънавиятининг мустаҳкамлиги”, “Ўзбекистон – Ватаним маним!”, “Маҳалла – тарбия маскани”, “Ислом дини ва унинг моҳияти”, “Диний экстремизм ва унинг қиёфаси”, “Терроризм ва унинг салбий оқибатлари” каби мавзуларда ташкил этилаётган тадбирлар ўқувчи-ёшлар маънавиятини ошириб, уларни доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашга, бугунги фаровон ҳаётимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга ундамоқда.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширишда Соғлиқни сақлаш, Меҳнат вазирликлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Оила” илмий-амалий маркази ва қатор давлат, нодавлат жамоат ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Жумладан, “Камолот” ЁИҲ билан ҳамкорликда ўтказилаётган лойиҳалар ўқувчиларда катта таассурот қолдирмоқда. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқалиши ва истеъмол қилинишини чеклаш мақсадида ташкил этилган “Ёшлар чекишга қарши!” лойиҳаси, “Камалак” билимдонлари” кўрик-танлови, “Миллий халқ ўйинлари”, “Камалак” юлдузлари” республика болалар ижодиёти ҳамда “Биз - буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остидаги ёшлар фестиваллари ўғил-қизларнинг ижтимоий-сиёсий билими, маънавий-маърифий дунёқарашини, илм эгаллашга бўлган интилишини кучайтираяпти.

Хотин-қизлар қўмитаси масъуллигида ўқувчи-қизларнинг соғлигини мунтазам назорат қилиб бориш, эрта турмушга чиқишнинг олдини олиш, уларнинг оилавий ҳаёт ҳақидаги тушунча ва билимларини бойитиш мақсадида барча таълим муассасаларида “Қизлар маслаҳатхонаси” ва “Ораста қизлар” тўгараклари фаолияти йўлга қўйилди. Наманган вилояти халқ таълими муассасаларида жорий этилган ўғил болалар учун “Маслаҳатчи отахонлар” ва қиз болалар учун “Бувижонлар мактаби” фаолиятини оммалаштириш ишлари олиб борилаяпти.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида таниқли ёзувчи ва шоирлар иштирокидаги “Онлайн мулоқот”лар, “Биринчи китобим” тақдимот кечалари иқтидорли, ижодкор ўқувчиларга ёрқин лаҳзаларни туҳфа этмоқда. Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази,  Тошкент ислом университети ва Республика Маънавият тарғибот маркази томонидан таълим ва маҳалла тизимидаги маънавий-ахлоқий тарбия ишлари бўйича масъул ходимлар учун “Диний экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари ҳамда ёшларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш” мавзусида малака ошириш ўқув курслари ташкил этилмоқда.

Қачон бола онгида маънавий бўшлиқ пайдо бўлади? Қачонки, унинг бўш вақти тўғри ташкил этилмаса, дам олиши мазмунли ўтмаса, қизиқиши бўйича касб-ҳунар ўрганмаса. Мустақиллик йилларида мактабдан ташқари таълим тизимининг мақом ва сифат жиҳатидан ўзгариши, янада такомиллаштирилиши, “Баркамол авлод” болалар марказларининг ташкил этилиши ўқувчиларнинг нафақат касб-ҳунар эгаллашида, балки мактабда ўзлаштирган билим ва кўникмаларини бойитиш ва ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 28 февралдаги “Мактабдан ташқари таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ҳар бир туман (шаҳар)да биттадан, жами 211 та “Баркамол авлод” болалар маркази фаолияти йўлга қўйилди. Ўқувчиларнинг мактабдан ташқари бўш вақтини фойдали ва мазмунли ўтказиш мақсадида ташкил этилган марказларда ҳудудий шароит ва эҳтиёжга қараб, техник, бадиий ижодиёт, ўлкашунослик ва экология йўналишидаги тўгараклар очилди. 114 минг нафардан ортиқ  ўқувчилар дарсдан сўнг мазкур тўгаракларга бориб, ўзлари қизиққан касб-ҳунар бўйича дастлабки кўникмаларни ўзлаштирмоқда, китоб мутолаа қилиб маънавиятини бойитмоқда. Фарзандининг бўш вақти фойдали ва мазмунли ўтаётганидан ота-оналар ҳам мамнун.

Мамлакатимиз раҳбари Ислом Каримов ўзининг “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида мусиқанинг тарбиядаги аҳамияти хусусида шундай дейди: “Инсоннинг руҳий камолоти ҳақида гапирар эканмиз, албатта бу мақсадга мусиқа санъатисиз эришиб бўлмайди. Халқимиз ҳаётида мусиқа азалдан беқиёс ўрин тутиб келади”. Шу ғояни амалга ошириш, ёш авлод иқтидори, истеъдодини камол топтириш, уларни миллий ҳамда жаҳон санъатининг нодир намуналаридан баҳраманд этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2009-2014 ва 2016-2020 йилларга мўлжалланган Давлат дастурини қабул қилиш тўғрисидаги  қарорлари қабул қилинди. Қарорлар ижросини таъминлаш доирасида 2009-2015 йиллар давомида 283 та болалар мусиқа ва санъат мактаблари фойдаланишга топширилди ва улар замонавий мусиқа чолғулари, мебель ва ускуналар билан жиҳозланди.

Бугунги кунда болалар мусиқа ва санъат мактабларида 61 минг нафарга яқин ўқувчиларга 10 мингдан ортиқ ўқитувчи мусиқа ва санъат сирларини ўргатмоқда.

Ҳозир ўқувчилар ёзги таътилга чиққан. Шу боис уларнинг таътил даврини мароқли ўтказиш, ўқувчи-ёшлар ўртасида ватанпарварлик туйғуси, соғлом турмуш тарзи ва китобхонликни кенг тарғиб этиш, “оммавий маданият”нинг турли салбий таъсирларидан ишончли ҳимоя қилиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқувчиларнинг ёзги таътилини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди. Унга кўра стационар ва кундузги оромгоҳларга жалб қилинмаган болалар учун  қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмаётган барча таълим муассасаларида спорт-соғломлаштириш майдончалари ва маънавий-маърифий тадбирлар мажмуаси ташкил этилади. Уларда куннинг биринчи ярмида бошланғич синф ўқувчилари ҳордиқ чиқарса, тушдан сўнг юқори синф ўғил-қизлари дам олишади. Эрталабки бадантарбия машқлари, тўгарак машғулотлари, спорт мусобақалари, миллий халқ ўйинлари, бадиий адабиёт мутолааси, болалар киноси ва мультфильмлар намойиши, кўнгилочар дастур ҳамда ижодий учрашувлар ўқувчилар қалбида бир олам таассурот қолдириши шубҳасиз. Ёзги таътил даврида уч миллиондан ортиқ ўғил-қиз маданий-маърифий тадбирлар ва спорт мусобақаларига қамраб олинади. Ўқувчилар ёзги таътилининг бундай оммавий тарзда, мақсадли ташкил этилиши таълим муассасаларида ўқишлар тугаган, маълум маънода ўқувчилар мактаб назоратидан четда бўладиган бир даврда тарбияда юз бериши мумкин бўлган бўшлиқни тўлдиришга, бекорчилик, мазмунсиз ҳаёт оқибатида келиб чиқиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Президентимиз Ислом Каримов халқимизнинг эртанги куни қандай бўлиши фарзандларимизнинг бугун қандай таълим ва тарбия олишига чамбарчас боғлиқ эканини таъкидлаб, мазкур масалани оқилона ҳал этишнинг, жумладан, қуйидаги жиҳатига эътибор қаратади: “Бунинг учун ҳар қайси ота-она, устоз ва мураббий ҳар бир бола тимсолида аввало шахсни кўриши зарур”. Албатта мустақиллик йилларида таълим муссасаларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда керакли ўқув-техник, адабиётлар, методик манбалар ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаш борасида мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилмоқда. Бунга жавобан биз – ўқитувчи ва мураббийлар зиммамиздаги вазифаларни тўлақонли бажариш, юртимиз келажаги учун масъуллигимизни ҳамиша ҳис этиб яшашимиз зарур.

Улуғбек ИНОЯТОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Халқ таълими вазири,
“Оила-маҳалла-таълим муассасаси ҳамкорлиги”
жамоат кенгаши раиси

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100031, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 14-уй.
Телефон: (+99871)215-52-81, факс: (+99895)479-99-08 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 31

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.