Ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш билан боғлиқ муаммолар ва уларнинг ечимлари

2019.03.28 | Янгиликлар

Халқ таълими вазири ҳамда вазирлик масъуллари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш билан боғлиқ муаммолар» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов томонидан ОАВ вакилларининг таълим тизимига оид барча саволларига батафсил жавоб берилди.

Дастлаб, Халқ таълими вазири юртбошимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида таълим тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани борасида алоҳида тўхталиб ўтди. Жумладан, жамиятда ўқитувчилар нуфузини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида қуйидаги фикрларни билдирди:

-Хабарингиз бор, 2018 йилнинг 14 август куни Президентимизнинг «Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор ўқитувчиларни жамиятдаги мавқейини ошириш бўйича қатор чора-тадбирларни белгилаб берди. Хусусан, қарор асосида мамлакатимиз тарихида илк бор ўқитувчиларнинг маошлари оширилди.

Тан олиш керакки, сўнгги вақтларда жамиятда ўқитувчилар обрўси тушиб кетган эди. Шу боисдан ҳам, ўқитувчилар нуфузини оширишга катта эътибор қаратила бошланди. Қисқа муддат ичида 13 мингдан зиёд эркак ўқитувчи соҳага қайтди. Вилоятдаги ўқитувчилар меҳнат фаолиятида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатила бошлади.

Ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан яна бири ўқитувчиларни педагогик фаолиятига оид бўлмаган турли тадбир ва ишларга жалб қилишни тўхтатишдан иборат эди. Юқорида айтиб ўтилган қарор асосида, халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, мажбурий меҳнатга, шу жумладан, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, мавсумий қишлоқ хўжалиги ҳамда бошқа турдаги ишларга жалб этиш тақиқланди.

Халқ таълими вазири нутқида раҳбарларнинг ўзи таълим олган мактабга эътибори ва ёрдами натижасида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазоворлигини таъкидлади. Шу билан бирга, мактабларга эътибор, кадрлар етишмовчилиги, таълим муассасаларининг моддий техник базаси, ўқувчилар билимини оширишда ҳамкорликдаги алоқалар, жумладан, хусусий мактаблар ҳамда таълим соҳасидаги чет эл тажрибаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. ОАВ ходимларининг Халқ таълими вазирлигига қилинаётган мурожаатлар бўйича берилган саволларига қуйидагича жавоб берди:

-Бугунги кунда Халқ таълими вазирлигига тизимга оид кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Ушбу мурожаатларга тезкор жавоб бериш мақсадида Халқ таълими вазирлигида ишонч телефони, ижтимоий тармоқлардан фаcэбоок ҳамда телеграмм ботлари ишга туширилган. Барча мурожаатларга имкон қадар ўз вақтида жавоб берилмоқда. Шунга қарамай, мурожаатлар сони кўплиги боис айримларига жавоб бериш бир оз вақт талаб этади.

Анжуманда Халқ таълими вазири олис ҳудудлардаги мактабларда шарт-шароитлар етарли эмаслиги, иситиш тизими масалаларига ҳам шарҳ бериб ўтди. Жумладан, болаларнинг ис газидан заҳарланаётганлигига оид муаммолар ҳанузгача давом этаётгани ҳамда мазкур масаланинг илдизи «буржуйка» печларига бориб тақалаётганини таҳлил қилиб берди. Бундан ташқари, мактаб инфраструктурасини таъминлаш маҳаллий ҳокимият зиммасига юкланганлиги, лекин шунга қарамай таълим муассасалари учун етарли маблағ ажратилмаётгани борасида шундай деди:

-Мактабларнинг моддий-техник базаси, шунингдек, бошқа харажатларни таъминлаш маҳаллий ҳокимлар зиммасига юкланган. Маблағ йўқлиги муаммо бўлгани боис мактаб пардаси ёки бошқа камчиликлар учун ўқувчилардан пул йиғиш масаласи ҳам учрарди. Мазкур муаммоларни бартараф этиш учун мактабларда Кузатув кенгаши тузилди. Кенгаш аъзоларига мактаб директори фаолиятини баҳолаш топширилди. Шу билан бирга ҳомийлар томонидан келиб тушадиган маблағларни жамоатчилик назорати остида сарфланишини доимий кузатиб бориш вазифаси берилди.

Кузатув кенгаши фаолиятини йўлга қўйишдан асосий мақсад, мактабдаги пул йиғиш масаласига чек қўйиш эди.

Ш.Шерматовнинг таъкидлашича, бугун айрим мактаб директорлари таълим муассасасида ўқувчиларнинг мукаммал билим олиши учун барча шароитларни яратиб бермоқда. Бунга мисол тариқасида Олмазор туманидаги 224-мактабни келтириш мумкин. Мазкур таълим муассасаси биноси эски бўлгани боис мактаб буткул ёпилиб кетмаслиги учун директор ҳомийларни масканни таъмирлаш ишларига жалб этди. Натижада мактабда бир йил давомида 10 миллиарддан кўп пул маблағи жамланди. Ушбу маблағ эвазига мактаб замонавий кўринишда қад ростлади. Биргина аёл раҳбарнинг мана шундай ибратли ишини барчага ўрнак қилиб кўрсатса арзийди.

- Мана, яқинда Кениядаги оддий қишлоқ муаллими Дунёнинг энг яхши ўқитувчиси соврини («Глобал Теачер Призе») ва 1 млн доллар мукофот пулини қўлга киритди, – деди Шерзод Шерматов. – Юртимизда ҳам ана шундай фидойи, виждонли ўқитувчилар бор. Уларни излаб топишимиз, юзага чиқаришимиз керак. Бунда ОАВнинг роли катта. Ҳурматли журналистлар, мактабга бор меҳрини берган ва касбини ҳаётининг мазмуни деб биладиган ўқитувчиларни топишда кўмак беринг. Вақти келиб, жамиятда ўқитувчининг мавқейи бундан ҳам юксалади. Президентимиз ҳар бир видеоселекторда ўқитувчилар ҳақида албатта гапириб ўтади. «Уларнинг ойлигини 1000 долларга чиқармагунча тўхтамаймиз», дея таъкидлайди. Келгусида бу мақсадларни амалга оширишда барча имкониятларни ишга соламиз ва албатта шу даражага етказамиз.

Анжуманда 2019 йилнинг 20 февралида юртбошимиз «Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг имзоланиши муҳим ташаббуслардан бири бўлганлиги алоҳида қайд этилди. Президент мактаблари мамлакатнинг барча ҳудудларида босқичма босқич ташкил этилиши, энг асосийси, мазкур мактабларни очишдан мақсад - юртимиз ривожига ҳисса қўшувчи авлоднинг етишиб чиқишини айтиб ўтилди.

- Президент мактабларига ўқувчилар фақат билимига қараб қабул қилинади. Ҳеч қандай таниш-билишчилик, пул, илтимосларга асло йўл қўйилмайди, – деди вазир. – Президентимиз мактабга қабул жараёнини баҳолаш учун энг юқори тажрибага эга хорижий мутахассисларни олиб келиш талабини қўйди. Шунинг учун биз бир қанча давлатларда мавжуд амалиётни ўргандик. Таҳлилларимиздан сўнг Cамбридге университетининг Cамбридге Ассессмент компаниясини танлаб олдик. Бу тест ўтказиш билан шуғулланувчи дунёдаги энг нуфузли ташкилотлардан бири ҳисобланади. Ўқувчи-номзодларни Президент мактабларига қабул қилишни Cамбридге Ассессмент тўлиқ назорат қилади. Мақсад – ҳалол рақобат асосида иқтидорли, илмга чанқоқ ёшларни танлаб олиш”.

Анжуман сўнгида Халқ таълими вазири ОАВ вакилларига ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқейини оширишда ўз ҳиссасини қўшаётгани учун миннатдорчилик билдириб, бу борадаги ишларни ҳамкорликда давом эттиришга чорлади.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100031, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 14-уй.
Телефон: (+99871)215-52-81, факс: (+99895)479-99-08 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 36

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.