Ўқувчи-ёшларнинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини ошириш -уларни турли ёт маънавий таҳдидлардан ҳимоялаш гаровидир

2019.02.23 | Янгиликлар

Халқ таълими вазирлиги умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда ёшларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Бугунги кунда халқ таълими тизимида 9 691 та умумий ўрта таълим мактабларида 5 млн. 821 минг 861 нафар ўқувчи таҳсил олаётган бўлиб, уларга 442 881 нафар ўқитувчи таълим-тарбия бериб келмоқда.

Таълим муассасаларида билим олаётган ўғил-қизларнинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини ошириш, уларни турли ёт маънавий таҳдидлардан ҳимоялаш мақсадида “Умумий ўрта таълим мактабининг ички тартиб қоидалари” ҳамда “Умумий ўрта таълим мактаб ўқитувчилари ва ўқувчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари” жорий этилди.

Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Конституция – бахтимиз пойдевори”, “Ҳуқуқ билимдонлари”, “Жаҳолатга қарши маърифат”, “Китобхон мактаб”, “Ёш китобхонлар” каби 20 дан ортиқ республика кўрик-танловлари ўтказиб келинмоқда.

Тарбиясида маълум бир ўзгаришлар бўлган, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бор ўқувчиларга синф раҳбари ва психологлар бириктирилиб, улар билан якка тартибда ишлар ташкил этиб келинмоқда. Мазкур жараёнда жойлардаги профилактика инспекторлари билан яқиндан ҳамкорлик ишлари ижобий натижа кўрсатди.

Фарзанд тарбиясига ота-оналарнинг масъулиятини кучайтириш мақсадида маҳалла фаоллари билан биргаликда тарғибот ишларининг йўлга қўйилиши оз фурсатда самара бергани қувонарли ҳолдир.

Ўқувчилар томонидан содир этилган ҳар бир жиноят бўйича ички ишлар органлари ходимлари, маҳалла фаоллари ва “Оила-маҳалла-таълим муассасаси” ҳамкорлиги Жамоат кенгаши аъзолари билан таълим муассасаларида хизмат суриштирувларини ўтказиш амалиёти тезкорлик билан тегишли профилактик чоралар кўрилишига асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Статистик маълумотларга эътибор қаратиладиган бўлса, умумтаълим мактабларида 2018-2019-ўқув йилида 1-синфга 613 минг 950 нафар ва 11-синфга 279 минг 788 нафар ўқувчилар қабул қилиниши натижасида ўқувчиларнинг умумий контингенти ўтган ўқув йилига нисбатан 893 минг 738 нафарга, яъни 20 %га ошган. Шунга қарамай, тизимда олиб борилган профилактик тадбирлар натижасида мактаб ўқувчилари томонидан содир этилган жиноятлар сони 2018 йилда 2017 йилга нисбатан камайди.

Хусусан, жиноят содир этилиши ҳолатини ҳар 10 минг нафар ўқувчига нисбатан таҳлил қилинганда 2016 йилда ҳар 10 минг нафар ўқувчидан 0,9 нафари жиноят содир этган, 2017 йилда ушбу кўрсатгич 0,8 ўқувчи, 2018 йилга келиб 0,7 ўқувчини ташкил этди.

Албатта вояга етмаганлар томонидан содир этилган ҳар бир жиноят бу фожиадир, зеро мазкур хатти-ҳаракатлар ортида инсон тақдири ётади. Содир бўлган ҳар бир жиноятдан сўнг “Ахир, уни олдини олиш мумкин эдику...” деган хулоса келиб чиқади.

Аксарият ҳолларда ўқувчилар томонидан содир этилган ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларни олдини олиш мумкин. Бунинг учун биринчи навбатда ҳудудларида давлат идоралари ва жамоатчилик ташкилотларининг ота-оналар ҳамда таълим муассасалари билан тизимли ҳамкорлигини кучайтиришни тақозо этади. Зеро, вояга етмаганларни қаровсиз қолдириш – улар томондан содир этилиши мумкин бўлган ғайриижтимоий хатти-ҳаракатга замин яратиб беради.

Ўрганишлар натижасида жиноятларнинг аксарияти дарсдан кейин ёки кечки пайтда асосан нотинч оилалар фарзандлари томонидан содир этилиши аниқланган. 2018 йилнинг сўнги чорагида шундай ота-оналарнинг 215 тасига нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳудудий вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиясига юборилди.

Бундан ташқари, мактаб ўқувчилари ўртасида юзага келаётган ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқишига қатор омиллар сабаб бўлмоқда. Мисол учун, ота ёки онанинг, айрим ҳолатларда иккисининг ҳам хорижга чиқиб кетиши боис фарзандлар назоратсиз қолмоқда. Оилавий жанжал ва ажралишлар ҳам ўғил-қизлар руҳиятига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди.

Баъзида эса ота-оналарнинг доимий даромад манбаи йўқлиги туфайли фарзандлар пул топишга мажбур бўлиб, жиноят содир этади. Энг ёмони, ота-оналарнинг ичкиликбозлик ва наркотик моддаларни истеъмол қилишга берилиши оқибатида фарзанд тарбияси билан умуман шуғулланмаслиги кўп ҳолларда бола онгида салбий ўзгаришларни юзага келтиради.

Юқоридаги ҳолатлар давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини янада жадаллаштириш, ўқувчи-ёшлар орасида тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтиришни тақозо этмоқда.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100031, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 14-уй.
Телефон: (+99871)215-52-81, факс: (+99895)479-99-08 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 37

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.