Таълим сифатини баҳолаш соҳасида халқаро тадқиқотлар ташкил этилади ​

2018.12.18 | Янгиликлар

Мамлакатимизда ўқувчи-ёшларнинг ижодий ғояларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, ёшларнинг илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими тизимида таълим сифатини баҳолаш соҳасидаги халқаро тадқиқотларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Халқ таълими вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг халқаро баҳолаш дастурлари бўйича халқаро тадқиқотларни ташкил этиши белгиланди. Эндиликда бошланғич 4-синф ўқувчиларининг матнни ўқиш ва тушуниш даражасини баҳолаш учун Progress in International Reading and Literacy Study (PIRLS) тадқиқоти жорий этилади. Шунингдек, Trends in International Mathematics and Science Study (TIMSS) тадқиқотидан 4 ва 8-синф ўқувчиларининг математика ва табиий йўналишдаги фанлардан ўзлаштириш даражасини баҳолаш учун фойдаланилади.

The Programme for International Student Assessment (PISA) тадқиқоти 15 ёшли ўқувчиларнинг ўқиш, математика ва табиий йўналишдаги фанлардан саводхонлик даражасини баҳолаш учун қўлланилади.

The Teaching and Learning International Survey (TALIS) - раҳбар ва педагог кадрларнинг умумий ўрта таълим муассасаларида ўқитиш ва таълим олиш муҳитини ҳамда ўқитувчиларнинг иш шароитларини ўрганиш учун жорий этиш кўзда тутилган.

Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳузурида Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази ташкил этилади.

Миллий марказнинг асосий вазифалари ва фаолиятининг йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

халқаро тадқиқотларни ташкил этиш ҳамда мувофиқлаштиришда Ўзбекистон Республикасининг вакили сифатида иштирок этиш;

таълим тизимида ўқиш, математика ва табиий йўналишдаги фанлардан саводхонлик даражасини ривожлантиришнинг инновацион методларини ишлаб чиқиш ва жорий этишга йўналтирилган илмий изланишлар олиб бориш;

таълим сифатини баҳолаш соҳасида халқаро алоқаларни ўрнатиш, халқаро лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, халқаро илмий анжуманлар ва симпозиумларни ташкил этиш ва ўтказишда иштирок этиш;

таълим сифатини баҳолаш соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотлар ўтказиш;

таълим сифатини баҳолаш бўйича тадқиқотларни илмий ва услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;

умумий ўрта таълим муассасаларининг халқаро тадқиқотларда муваффақиятли иштирок этишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро баҳолаш дастурларида қайд этган натижаларини бошқа давлатлар натижалари билан қиёсий таққослаш;

халқаро баҳолаш дастурларини таълим жараёнига жорий этиш бўйича тизимли мониторинг олиб бориш, ушбу соҳадаги илғор тажрибани оммалаштириш ва унинг асосида таълим муассасалари учун тавсиялар ва қўлланмалар ишлаб чиқишда иштирок этиш;

ўқитишнинг инновацион усулларидан фойдаланган ҳолда ўқиш, математика ва табиий йўналишдаги фанлар бўйича педагог кадрларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув-услубий тавсиялар тайёрлаш.

Қарор билан батафсил http://lex.uz/pdfs/4097073 орқали танишишингиз мумкин.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100031, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 14-уй.
Телефон: (+99871)215-52-81, факс: (+99895)479-99-08 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 35

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.