Ўқувчи жисмонан ва руҳан соғломлаштирилади

2018.05.30 | Янгиликлар

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

2018-2019 ўқув йили ниҳоясига етди. Жисмонан ва руҳан толиққан ўқувчиларни ёзги соғломлаштириш жараёнига жалб этиш, уларнинг мазмунли дам олишини ташкил этиш юзасидан Халқ таълими вазирлиги муҳим чора-тадбирлар белгилади. “Оромгоҳларда таълим-тарбиявий ишларни ташкил этиш, уларни малакали педагог ва етакчилар билан таъминлаш” ишчи гуруҳи зиммасига зарур вазифалар юклатилиб, мониторинг юритиш бўйича вазирликда “Ёз—2018” штаби ташкил этилди.

Оромгоҳда таълим-тарбия жараёнини талаб даражасида ташкил этиш, услубий таъминотга боғлиқ. Раҳбар, педагог ходимлар ҳамда тўгарак мураббийлари учун ҳар бир йўналиш бўйича 5 номдаги услубий қўлланма тайёрланиб, жами 2200 нусхада чоп этилди. Дам олиш масканининг маънавият ва маърифат хонасини жиҳозлаш бўйича тавсиялар Республика маънавият ва маърифат маркази ходимлари томонидан такомиллаштирилиб, қўлланмага алоҳида боб сифатида киритилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши билан ҳамкорликда жорий мавсумда 194 та стационар оромгоҳ фаолият кўрсатади. Уларда 153 189 нафар ва 978 та кундузги оромгоҳда 148 400 нафар болани соғломлаштириш режалаштирилган бўлиб, бу жараёнга жами 29 611 нафар педагог ходимни жалб этиш мўлжалланмоқда. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши билан биргаликда 1 055 нафар етакчи рўйхати ҳам тузилди.

Ўқувчининг дам олиш муддати қисқа, аммо бу даврда у ҳам жисмонан, ҳам руҳан ўзини чиниқтириши, тоблаб, янги ўқув йилига куч-ғайрат тўплаб қайтиши керак. Бу бевосита улар билан тарбиявий жараённи ташкил этувчи педагог ходимлар ташкилотчилиги, ташаббускорлигига боғлиқ. Шакллантирилаётган кадр¬лар жорий йил 2–10 май кунлари жадвал асосида халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказлари ҳамда ёшлар иттифоқи туман кенгашлари билан ҳамкорликда 36 соатлик махсус ўқув дастури бўйича ўқитилиб, тарбиявий жараёнга комплекс ёндашишнинг назарий асослари билан “қуроллантирилди”.

Ёз мавсумида педагог ходимларнинг белгиланган тартиб асосида иш олиб боришлари учун вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда намунавий иш режа тайёрланди. Шунинг¬дек, 2017 йилги мавсумда тажриба-синовдан ўтказилган “Ўқувчиларнинг ёзги таътил даврини мазмунли ташкил этиш концепцияси” ҳар бир ходим учун асосий манба бўлиб хизмат қилади. Концепцияга мувофиқ, жорий йилда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмаётган барча умумтаълим ва мактабдан ташқари таълим муассасаларида маданий-маърифий ва спорт тадбирлари 15 июндан 15 августгача ҳафтанинг душанба-жума кунлари мунтазам ўтказилиши керак. Тадбирларни икки навбатда 1–6-синф ўқувчилари учун эрталаб соат 08:00 дан — 12:00 га қадар ҳамда 7–10-синф ўқувчилари учун соат 17:00 дан — 20:00 га қадар ўтказиш мақсадга мувофиқ.

Стационар оромгоҳда хорижий тилларни ўрганиш масаласи ҳам эътибордан четда эмас. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан 420 нафар чет тили мутахассислиги бўйича таълим олаётган талабалар рўйхати оромгоҳлар кесимида шакллантирилгани бунга замин яратади.

Оромгоҳ баҳаво, бола яйраб-яшнайдиган гўша. Бу ерда китоб мутолаа қилиш имконияти кенгаяди. Ҳар бир мавсумнинг китобхонликка бағишланган алоҳида куни дам олувчилар учун завқ-шавқ берса, ажаб эмас. Статистик маълумотларга кўра, 91 565 дона болалар бадиий адабиётига эҳтиёж мавжуд ва уни бемалол қондириш мумкин. Ҳар бир стационар оромгоҳни эҳтиёж асосида болалар адабиётлари, мустақиллик йилларида эришилган ютуқларга оид рисолалар, журналлар билан таъминлашга мавжуд ахборот-ресурс марказлари ва мактаб кутубхоналари бириктирилади. Умумтаълим мактабларига етказиб берилаётган “Ёшлар кутубхонаси” рукни остида нашр этилган 11 номдаги бадиий адабиёт намуналари ҳам оромгоҳларга етказиб берилади.

Ҳамма боланинг ҳам тоғ ва тоғолди ҳудудларида — ўз уйидан анча олисда жойлашган оромгоҳда дам олиш имконияти йўқ. Шу боис маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда 978 та кундузги оромгоҳ дислокацияси шакллантирилиб, ота-оналар хоҳишига мувофиқ, ўқувчини соғломлаштириш мўлжалланмоқда.

Бундан ташқари, умумтаълим мактаблари, “Баркамол авлод” болалар марказлари ва туман (шаҳар) ахборот-ресурс марказларида ҳам ёзги соғломлаштириш мавсумини кенг кўламда, намунали, хавфсиз ташкил қилиш юзасидан тадбирлар, намунавий кун тартиби ва ҳафталик дастурлар ишлаб чиқилди. Дастур доирасида таълим муассасаларида намойиш этиладиган миллий ва жаҳон мультфильмлари, болалар учун бадиий фильмлар, таълимий ва интеллектуал компьютер ўйинлари рўйхати тавсия қилинмоқда.

Концепцияни амалга ошириш натижасида 3,2 миллион нафардан ортиқ ўқувчини турли кўнгилочар, оммавий-маданий тадбирларга қамраб олиш имконияти яратилади.

 

Халқ таълими вазирлиги
Матбуот хизмати

 

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100031, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 14-уй.
Телефон: (+99871)215-52-81, факс: (+99895)479-99-08 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 32

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.