Тўхтамурод Жумаев номидаги математика олимпиадаси бўлиб ўтди

2019.09.16 | Янгиликлар

Жорий йилнинг 15 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Тўхтамурод Жумаев номидаги математика олимпиадаси илк бор ўтказилди. Унда мамлакатимизнинг турли вилоятларидан 1000 нафардан ортиқ ўқувчилар иштирок этишди.

Мазкур олимпиада Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш Департаменти ташаббуси билан Халқ таълими вазирлиги ва “Қоракўл Зиё” ўқув маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.

Олимпиада Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур туманидаги 34-умумтаълим мактабида бўлиб ўтди. Олимпиада мамлакатимиз умумтаълим мактабларининг 5-6-7-синфлари, 8-9-синфлари, 10-11-синфлари ҳамда  академик лицейларнинг 1-2-босқич ва касб-ҳунар коллежларининг 3-босқич ўқувчилари ўртасида алоҳида 3 та йўналишда ўтказилди. Иштирокчиларга 3 соат ичида 6 та масалани ечиш топширилди.

Олимпиада учун топшириқлар (ёзма ишлар) давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларига мос равишда Халқ таълими вазирлигининг Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти ва “Қоракўл Зиё” ўқув маркази ҳамкорлигида тузилди.

Иштирокчилар томонидан берилган жавоблар халқаро ва республика олимпиадалари ғолиблари ва иштирокчиларидан иборат бўлган тажрибали ҳакамлар томонидан кўриб чиқилди.

3 та йўналиш бўйича 1-ўрин ғолиблари телевизор, 2-ўрин ғолиблари планшет, 3-ўрин ғолиблари смартфон каби мукофотлар билан рағбатлантирилди.

Ғолиблар рўйхати

Синф

1-ўрин

2-ўрин

3-ўрин

5-6-7-синфлар ўртасида

Юсуфжон Ортиқов

Ўлмас Худойбердиев

Нурмуҳаммад Отамуродов

8-9-синфлар ўртасида

Анварбек Раҳматов

Искандар Бўриев

Муҳаммадризо Мажидов

10-11-синфлар ўртасида

Дониёр Исмоилов

Иброҳим Мирғиёсов

Элдор Нейматов

Шу билан бирга, 5-6-7-синфлар ўртасида Шоҳруҳ Валеров, 8-9-синфлар ўртасида Жасурбек Рузибоев ва 10-11-синфлар ўртасида эса Аброр Бўтаевлар рағбатлантирувчи номинацияларда ғолиб деб топилди.

Тўхтамурод Жумаев кўп йиллар давомида математика ўқитувчиси бўлиб фаолият юритган. 1990-2015 йилларда Қоракўл туманидаги 1-ихтисослаштирилган иқтидорли болалар мактаб-интернати директори вазифасида ишлаган.

Тўхтамурод Жумаев ташкил қилган Қоракўл мактабида ўзига хос таълим олиш тизими жорий қилинган. Натижада мактаб ўқувчиларининг 90%и олий ўқув юртларига қабул қилинган.

Бундан ташқари, ушбу мактаб ўқувчилари математика фанидан Халқаро олимпиадаларда иштирок этиб, кўплаб медалларни қўлга киритган. Ҳозирги кунга қадар математика олимпиадасида қўлга киритилган медаллар сони 36 тани ташкил этади. Шулардан 23 таси Жумаев мактаби ўқувчиларига тақдим этилган.

Қоракўл мактабининг математика соҳасидаги ютуқлари, қолаверса мактабни битирган ёшларнинг бугунги кунда давлатимизнинг турли соҳаларида юқори малакали кадрлари қаторида самарали фаолият олиб бораётгани ҳам бевосита бу инсоннинг тинимсиз меҳнати, фидойилиги маҳсулидир.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100031, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 14-уй.
Телефон: (+99871)215-52-81, факс: (+99895)479-99-08 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 31

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.