Умумий ўрта таълим муассасалари миллий рейтинги эълон қилинди

2019.09.06 | Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 5 сентябрдаги ПФ-5538 сонли фармони билан Давлат инспекциясига умумий ўрта таълим муассасалари фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини аниқловчи рейтинг индикаторларини тузиш ҳамда тасдиқлаш, 2019 йил 1 январдан бошлаб туманлар ва шаҳарлар кесимида танлаш асосида умумий ўрта таълим муассасалари рейтингини тузиш, рейтинг якунларини оммавий ахборот воситаларида, Давлат инспекциясининг веб-сайтида кейинги ўқув йили бошланишидан кечиктирмай эълон қилиш вазифаси юклатилган.

Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Давлат инспекциясида умумий ўрта таълим муассасаларида таълим сифатининг ҳолатини характерловчи рейтинг индикаторлари ишлаб чиқилди ва Халқ таълими вазирлигининг масъул ходимлари ҳамда тизимда фаолият олиб бораётган тажрибали раҳбар ва мутахассис-кадрларни жалб қилган ҳолда ишчи гуруҳ тузилиб индикаторлар ва баҳолаш мезонлари муҳокама қилинди.

Муҳокама жараёнида хорижий тажрибалар таҳлил қилиниб, хорижий давлатларда мактаблар рейтинги аксарият ҳолатларда халқаро билимни баҳолаш тадқиқотлари натижаларига боғланганлиги аниқланди.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси навбатдаги халқаро ПИСА (15-16 ёшли ўқувчилар билимини баҳолаш бўйича халқаро дастур) ва ПИРЛС (бошланғич синф ўқувчиларининг матнни ўқиш даражаси ва сифатини баҳолаш) баҳолаш тадқиқотида 2021 йилда иштирок этиши режалаштирилган. Ушбу тадқиқотларда қатнашиш билан боғлиқ молиявий ҳаражатлар Таълим инспекцияси ва Жаҳон банки ўртасидаги лойиҳа доирасида амалга оширилади.

Шу билан бирга, бир қатор мамлакатларда, хусусан АҚШ, Россия Федерацияси, Канадада мактаблар рейтингини баҳолаш ташқи баҳоловчилар томонидан амалга оширилади. Жумладан,

Канадада Фрейзер Институти деб номланган мустақил таълим ва тадқиқот ташкилоти 1998 йилдан буён мактаблар рейтингини аниқлаш билан шуғулланади. Рейтингда асосий мезон - инглиз тили ва бошқа умумтаълим фанларидан ўтказиладиган тест натижалари.

АҚШда 2006 йилдан Cлаарwаре ЛЛC хусусий компанияси томонидан мактаблар рейтинг аниқланади. Асосий мезон - инглиз тили ва математика фанларидан ўтказиладиган тест натижалари.

Россия Федерациясида 2002 йилдан буён фаолият олиб бораётган Рособрнадзор давлат ташкилоти, ягона давлат имтиҳони (ЕГE) натижалари асосида мактаблар рейтингини тузади, асосий мезон умумтаълим фанлари бўйича ўқувчилар билим даражаси

Украинада 2002 йилдан бу фаолият бошланган. Украина Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этилган Таълим сифатини баҳолаш маркази томонидан амалга оширилади. Бутун мамлакат бўйлаб бир вақтда ўтказиладиган ёзма тест натижалари асосий мезон ҳисобланади. Украина тили, математика ва бошқа умумтаълим фанлари бўйича тест натижалари мактаблар рейтинги учун мезон қилиб олинган.

Маҳаллий ва халқаро тажрибалар, ҳамда мутахассисларнинг фикр-мулоҳазаларидан келиб чиқиб, Давлат инспекцияси ва Халқ таълими вазирлиги томонидан ўрта таълим мактабларининг рейтингини аниқлаш мезонлари шакллантирилди, ушбу мезонлар 4 та кўрсаткич асосидан ишлаб чиқилди, булар:

- битирувчи ўқувчиларнинг умумтаълим фанлари бўйича таълим тайёргарлик даражаси ва сифат кўрсаткичи;

- 9-синф ўқувчиларининг билим даражаси;

- олий ва биринчи тоифали ўқувчилар улуши;

- умумтаълим муассасасининг ўқувчилари ва педагог жамоаси ўртасида ўтказиладиган сўровнома натижалари.

Таклиф этилаётган рейтинг индикаторларида жами натижанинг 
50 фоизи билим даражасига боғлиқ бўлади.

Мактаблар фаолияти самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимининг жорий қилишдан асосий мақсад, Республика бўйича ўқувчилар билимини баҳолашни ОЭCД (Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти) ва ИEА (Таълим соҳасидаги ютуқларни баҳолаш халқаро ассосацияси) каби нуфузли ташкилотларнинг ПИСА (15-16 ёшли ўқувчилар билимини баҳолаш бўйича халқаро дастур), ТИМСС (4 ва 8-синф ўқувчиларининг математика ва табиий фанлар бўйича саводхонлигини баҳолаш) ПИРЛС (бошланғич синф ўқувчиларининг матнни ўқиш даражаси ва сифатини баҳолаш) ўқувчилар билимини баҳолаш дастурлари даражасига олиб чиқишда таълим муассасаларига кўмаклашишдир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Халқ таълими вазирлигининг қўшма қарор билан тасдиқланаётган «Умумий ўрта таълим муассасалари рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом» лойиҳаси жорий йилнинг 20 октябрьида умумхалқ муҳокамасига (регулатион.гов.уз) қўйилди.

Муҳокама жараёнида 10 дан ортиқ таклифлар берилди ва улар ўрганиб чиқилиб, мактаблар фаолиятини рейтинг индикаторлари асосида баҳолаш мезонини тасдиқлаш учун қўшма қарор лойиҳаси якуний ҳолатига келтирилди. Қўшма қарор лойиҳаси Халқ таълими вазирлиги, Давлат тест маркази билан келишилиб имзоланди ва 2018 йил 29 декабрда 3112-рақам билан Адлия вазирлигида расмий рўйхатдан ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Халқ таълими вазирлигининг 2018 йил 17 декабрдаги 9-мҳ ва 14-мҳ-сон «Умумтаълим муассасаларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2019 йил 8-19 апрель кунлари Республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида 956 та умумтаълим муассасаларида назорат ишлари ва ижтимоий сўровномалар ўтказилди.

Назорат ишлари ва ижтимоий сўровномаларни тўлиқ шаффоф ва сифатли ўтишини таъминлаш учун жами 57 та ишчи гуруҳ тузилиб, унинг таркибида 200 нафардан ортиқ мутахассислар фаолият олиб борди. Жараёнда Давлат инспекцияси ходимлари, инспекциянинг ҳудудлардаги бўлимлари, ОТМларнинг таълим сифатини назорат қилиш бўлимлари, Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ҳамда туман ва шаҳарлардаги халқ таълими бўлимлари ва ОТМлар қошидаги академик лицейларнинг она тили ўқитувчилари қатнашдилар.

Умумтаълим муассасаларида ишчи гуруҳлар томонидан 1 тадан 9-синф қуръа ташлаш орқали танлаб олинди ва ўқувчилар она тилидан диктант ва математикадан ёзма иш топширдилар. Республика бўйича 956 та мактабдан жами 25277 нафар ўқувчилар жалб қилинган бўлиб, шундан 24984 нафар (98,8%) синовларда қатнашди, 89 нафар ўқувчи сабабли ва 204 нафари сабабсиз қатнашмади.

Ўқувчилар ёзган диктантлар мутахассис-экспертлар томонидан шу куннинг ўзида текширилиб баҳоланди ва натижаси ҳақида далолатномалар расмийлаштирилди. Математика бўйича ёзма ишларнинг жавоблари кодланган махсус жавоблар варақларига тегишли доирачаларни бўяш орқали белгиланди ва текшириб баҳолаш учун Давлат инспекциясига олиб келинди. Шунингдек, педагог ва раҳбар ходимлар фаолияти самарадорлигини ўрганиш ҳамда умумтаълим муассасасида педагог ходимлар учун яратилган шароитлар ва ўқитиш муҳити ҳолати ҳақида ўқувчилар ва ўқитувчилар орасида ижтимоий сўровномалар ўтказилди.

Бундан ташқари, халқ таълими тизимида таълим сифатини баҳолаш соҳасидаги халқаро тадқиқотларни ташкил этишда таълим муассасаларига кўмаклашиш мақсадида, мактабларда 15-16 ёш ўқувчилар билан (ПИСА) халқаро баҳолаш дастури даражасига яқинлаштирилган саволлар доирасида машқлар бажарилди.

Қабул қилинган индикаторлар асосида Республика бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги барча туман (шаҳар)лардан 10 фоиз (жами 956 та) умумий ўрта таълим муассасаларининг фаолияти таҳлил қилинди ва 2019 йил 1 июль ҳолатига уларнинг рейтинг натижалари тайёрланди:

Маълумот учун: Жорий йилда рейтингга жалб қилинадиган умумтаълим муассасалари рўйхати уларнинг умумий сонига нисбатан 10 фоиз миқдорда туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари томонидан шакллантирилди ва Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланди.

Энг юқори ўринларни эгаллаган Топ-20 таликка Хоразмдан та, Намангандан 4 та, Фарғонадан 4 та, Бухородан 2 тадан, Андижон, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидан 1 тадан мактаблар кирди.

Энг пастки ўринларни эгаллаган Топ-20 таликка Самарқанддан 10 та, Тошкент вилоятидан 6 та, Қашқадарёдан та, Бухоро ва Навоий вилоятларидан 1 тадан мактаблар кирди.

Ҳудудлар рейтингида энг юқори ўринларни Наманган, Хоразм ва Навоий вилоятлари эгаллаган бўлса, қуйи ўринларда Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Тошкент вилоятлари қайд этилди.

Туманлар (ва шаҳарлар) рейтингида қуйидаги ҳолат кузатилди:

Наманган вилоятида Наманган, Поп, Уйчи туманлари; Навоийда Қизилтепа, Учқудуқ ва Навбаҳор; Фарғонада Ўзбекистон, Данғара ва Риштон; Андижонда Булоқбоши, Мархамат, Жалақудуқ; Бухорода Ғиждувон, Жондор ва Қоровулбозор;Қорақалпоғистон Республикасида Қораўзак, Элликқалъа ва Тўрткўл; Тошкент шаҳрида Сергели, Миробод ва Мирзо Улуғбек; Қашқадарёда Шаҳрисабз шаҳри, Китоб ва Косон тумани; Сирдарёда Сардоба, Ширин шаҳри ва Мирзаобод; Хоразмда Гурлан, Шовот ва Янгибозор; Сурхондарёда Сариосиё, Бойсун туманлари ва Термиз шаҳри; Самарқандда Каттақўрғон шаҳар, Иштихон ва Нарпай; Жиззахда Янгиобод, Пахтакор, Ш.Рашидов; Тошкент вилоятида Пискент тумани, Чирчиқ ва Бекобод шаҳарлари мактаблари пешқадам бўлдилар.

9-синф ўқувчиларининг билим даражасини аниқлаш бўйича ўтказилган назорат ишларида жами 25188 нафар ўқувчи қатнашди ва уларнинг 73,1%и она тилидан диктантдан ва 48,2%и математикадан ёзма ишдан ижобий баҳоланди.

Диктант бўйича энг юқори натижалар Навоий, Бухоро, Наманган вилоятларида ва энг паст натижалар Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида қайд этилди.

Математикадан ёзма иш бўйича энг юқори натижалар Хоразм, Навоий, Наманган вилоятларида ва энг паст натижалар Тошкент, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида қайд этилди.

Олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улуши буйича юқори ўринларда Хоразм ва Андижон вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри бўлса, қуйи ўринларда Қашқадарё, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятлари мактаблари аниқланди.

Мактаб ўқитувчилари жамоаси билан ўтказилган сўровномада жами 38400 нафар педагог ходимлар қатнашди.

Қуйида айрим саволлардан мисоллар келтирамиз: ўқитувчиларга “Сизнинг мактабингизда «Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизими» (ВМнинг 275-қарори, 25.12.2005.) қанчалик шаффоф амалга оширилмоқда?” деган саволга 21,2 фоиз ўқитувчи бу ишда шаффофлик йўқлигини, 15 фоизи бу ишга «қабилачилик» аралашганини ва 16,7 фоизи бунда мактаб директорининг манфаати борлигини қайд этишган.

Ўқитувчиларга ўз ишига қандай муносабатда эканлигини билиш учун берилган: “Агар яна бир танлаш имконияти берилса, яна ўқитувчи бўлармидингиз” деган саволга 10 фоизи «Ўқитувчи булмасдим» деб жавоб беришган. 8,5 фоизи ўқитувчи «Агар иложи бўлса, бошқа мактабга ўтмоқчиман»16,5 фоизи «Ўқитувчи бўлганимдан афсусдаман» деган фикрларни билдиришган.

Рейтинг натижаларини таҳлил қилиш асосида соғлом рақобат муҳитни шакллантириш, мактабларда таълим сифатини кўтариш, ўқитувчиларнинг билим даражасини ва педагогик маҳоратини ошириш, умумтаълим муассасалари фаолиятидаги очиқлик ва шаффофлик даражасини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилади ва камчиликларни баратараф қилиш бўйича барча имкониятлар ишга солинади.

Мактаб рейтингига оид батафсил маълумотни http://reyting.tdi.uz/ мактаб бўлимидан олишингиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар 
Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини 
назорат қилиш давлат инспекцияси 
бўлим бошлиғи А.Алимов

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100031, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 14-уй.
Телефон: (+99871)215-52-81, факс: (+99895)479-99-08 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 31

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.