Президент ташрифидан сўнг қайта қурилган Учтепа туманидаги 238-мактабнинг очилишида Халқ таълими вазири иштирок этди

2019.09.04 | Янгиликлар

Бугун, 4 сентябрь куни мамлакатимизнинг 9904 та давлат умумтаълим муассасаларида “Билимлар куни”га бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти ва масъул ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов шу куни Тошкент шаҳри, Учтепа туманидаги 238-умумтаълим мактабига ташриф буюрди.

Тадбирда Халқ таълими вазири мактаб ходимлари, ота-оналар ва ўқувчиларни янги ўқув йили бошланиши билан қутлади. Вазир ўқувчиларни яратилаётган барча шароитлардан унумли фойдаланган ҳолда пухта билим олишга чақирди.

“Билимлар куни”га бағишланган тантанали тадбирдан сўнг Халқ таълими вазири ва Учтепа тумани раҳбарияти мактабда яратилган шарт-шароитлар билан танишди.

Шу билан бирга, Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мактабнинг 1-синф ўқувчиларига “Президент совғаси”ни топширди. Ўқувчиларни яна бир бор билим олишга ҳамда мактабда яратилган имкониятлардан самарали фойдаланишга чақирди.

1-синф ўқувчилари учун “Президент совғаси”дан 12 турдаги ўқув қуроллари ўрин олган. Бу йил “Президент совғаси” таркибидаги маҳсулотларнинг сифатига катта аҳамият берилди. Жумладан, ўқувчиларга ёруғлик қайтаргич элементлари бўлган портфеллар топширилди. Бундай портфеллар болаларнинг йўлда ҳаракатланганида хавфсизлигини таъминлайди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 10 май куни Учтепа туманига ташрифи давомида 238-мактаб ҳолатини танқид қилган эди. Шунингдек, мактаб қувватини ошириш ҳамда шарт-шароитларни яхшилаш бўйича тегишли топшириқлар берилганди.

Уч ярим ой давомида олиб борилган қурилиш ва таъмирлаш ишлари натижасида мактаб қуввати 1200 дан 2100 га ошди. Болажонлар учун ўқиш, спорт билан шуғулланиш учун қўшимча 300 хонадан иборат 900 ўринли иккита корпус, 220 ўринли фаоллар зали, махсус фан хоналари, 4 та лингафон хонаси, 2 та спорт залини ўз ичига олган спорт комплекси, замонавий стадионлар қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Таъкидлаш лозимки, Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил 10 май куни Учтепа туманига ташрифидан сўнг, Тошкент шаҳридаги мактаблардаги шарт-шароитлар ўрганиб чиқилди. Ўрганиш натижасида, қурилганидан бери таъмирланмаган ва реконструкция қилинмаган 16 та мактаб аниқланди.

Натижада, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2019 йилнинг 17 август куни “Тошкент шаҳри умумтаълим мактаблари фаолиятини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.

2019-2020 йилларда Тошкент шаҳрида янги мактаблар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш учун 800 млрд. сўм маблағ ажратилади.

 

 

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

 

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100031, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 14-уй.
Телефон: (+99871)215-52-81, факс: (+99895)479-99-08 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 37

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.