Мактаб – маънавият ва маърифат ўчоғи

2019.08.29 | Янгиликлар

Мактаб, бу – ҳаёт-мамот масаласи, келажак масаласи. Уни давлат, ҳукумат ва ҳокимларнинг ўзи ҳал қилолмайди. Бу бутун жамиятнинг иши, бурчига айланиши керак.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Мактаб – маънавият ва маърифат ўчоғи

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида шу йилнинг 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида таълим-тарбия ишларини янгича ташкил этиш фарзандлар тарбиясида ота-оналарнинг масъулияти, педагоглар билан ҳамкорлиги ва умуман мактаб таълимини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш масаласида мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди. Қуйида йеғилишда илгари сурилган ҳаётбахш ва муҳим вазифалар юзасидан Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг муносабатини эълон қилдик.
 

Барчага маълумки, юртимизда Мустақилликка эришилгандан кейин ҳам ўқитувчиларга давлат бюджетидан ойлик олувчи текин ёрдамчидек қараб келинган эди. Пахта терими, ободонлаштириш ишлари ва турли тадбирларга “фон” сифатида жалб этиш учун биринчи номзод афсуски халқ таълими тизими ходимлари ва ўқитувчилар бўлган.


Маҳаллий ҳокимлар наздида энг яхши мактаб директори ким бўлган? Мактаб ўқитувчиларини қишлоқ хўжалик ишларига ўз вақтида олиб чиққан ва режани бажарган, коммунал тўловларни аҳолидан йиғиб олишда жонбозлик кўрсатган, ободонлаштириш ишларида энг кўп ходимларини чиқариб, биронта норозиси бўлса, дарҳол чора кўрган директор – энг яхши директор, деб эътироф этиб келинган. Яъни, бу каби муаммолар сабаб таълим сифати кун тартибида деярли бўлмаган.

Натижада, педагогика институтларига асосан бошқа университетларга кира олмаганлар ўқишга кирган. Уларнинг ҳам билимлилари ўқитувчилик касбини танламасдан, бошқа соҳаларда фаолият юритишни маъқул кўрган.

Мактабларга “эътибор” бўйича яна бир мисол: 2016 йилгача қурилиш ва жиҳозлаш бўйича маблағлар мактабга эмас, балки ҳашаматли мармардан коллеж биноларини қуришга кетган. Натижада мактабларнинг моддий-техник ҳолати жуда абгор аҳволга келиб қолган. Нафақат узоқ ҳудудларда, ҳатто пойтахт Тошкент шаҳридаги мактабларнинг ҳам аҳволи жуда ҳароблашган. Яқинда Тошкентдаги мактабларни хатловдан ўтказилганида, 30-50 йиллардан бери умуман дастурга киритилмаган 16 та йирик мактаблар аниқланди. Дастурга киритилганларигаям жуда кам маблағ ажратилган. Асосан фасад қисмига эътибор қаратилиб, ички коммуникациялари жуда эскирган. Синфхоналар эса асосан ота-оналарнинг кўмаги билан таъмирлаб келинган. Анчагина мактаблар ёпилиб ҳам кетган. Бинолари эса бошқа давлат ташкилотларига фойдаланишга берилган. Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикасида 2010-2016 йилларда 41 та мактаб ёпилган. Шу бир йилнинг ўзида эса баъзи коллежларни мактабга айлантириш орқали 21 та янги мактаб очилаяпти.

Маҳаллий бюджетларда маблағ қолдирмайдиган сиёсат бўлса-да, мактабларнинг кўп харажатлари маҳаллий бюджетга ташлаб келинган. Натижада, ўша маблағлар деярли ажратилмаган. Охирги уч йилда Президентимизнинг жойлардаги ҳокимликларга режадан орттириб бажарилган тушумларининг катта қисмини қолдириш бўйича қароридан кейин аксар аҳоли сиёсатни тўғри тушунди. Маҳаллий ҳокимлар мактабларга “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” ва бошқа дастурлар орқали ёрдам кўрсатишни бошлади. Масалан, Қорақалпоғистонда шу йил маҳаллий бюджетдан ажратилган маблағлар миқдори 1991-2016 йилларда ажратилганидан кўра кўпдир. Таъмирлашга қўшимча равишда ўқувчилар ҳанузгача ўтган асрнинг 50-60 йилларида ишлаб чиқилган парта ва мебеллардан фойдаланиб келганлигини инобатган олиб, минглаб комплект парталар ҳам харид қилинди.

Бир йилу икки ой аввал Президентимизсоҳадаги ислоҳотлар биринчи навбатда жамиятимиздаги ўқитувчининг мавқеини оширишга қаратилиши кераклигини таъкидлаб ўтди.

Мисол сифатида Япония Бош вазирининг Япониянинг ривожланиш сири нимада, деган саволга жавобини айтиб ўтилгандилар: Биз ўқитувчиларга Императорнинг ҳурматини, Дипломатнинг дахлсизлигини ва Вазирнинг ойлигини бердик.

Шунинг учун, мазкур бир йил давомида ислоҳотлар айнан шу 3 та йўналишга қаратилди:

Биринчидан, ўқитувчиларнинг ҳурматини ошириш учун, аввало, уларни мажбурий меҳнат ва турли тадбирларда иштирок этиши тақиқланди. Мажбурий меҳнатдан ташқари яна бошқа ҳамма “мажбурий” сўзи ишлатиладиган қўшимчалардан озод этиш бошланди: мажбурий турли хил ташкилотларга аъзолик бадалини тўлаш, мажбурий чипта сотиб олиш, мажбурий ойлигини бир қисмини ноқонуний ҳашар орқали қайсидир ташкилотга ўтказиб бериш кабилар.

Иккинчидан, мактабларни текширишни кескин қисқартириш учун Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди. “Дарс муқаддас” (яъни дарс жараёнига ҳеч кимнинг аралашишга ҳаққи йўқ) концепцияси доирасида ўтган йили текширувлар сони 26 бараварга қисқарди. 
 

Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги даврида илк бор педагогларнинг ойликлари алоҳида қарор билан оширилди. Унгача бу тизим энг катта тизим бўлгани боис алоҳида ойлик оширилиши жуда катта харажатларга сабаб бўлади, деб умумий ойлик ошириш билан чегараланиб қолинган эди. Натижада, халқ таълими тизими ходимларининг ўртача ойлик маошлари республикадаги ўртача ойликдан анчагина пасайиб кетган эди. Ушбу жараённи тизимли равишда олиб бориш учун 2030 йилгача халқ таълими тизимини ривожлантириш концепциясида ҳам ўқитувчиларнинг ойликлари босқичма-босқич ошириб бориш режалаштирилган.

Президентимиз видеоселектор йиғилишида ҳам 2020 йилда педагогларнинг ойликларини ошириш бўйича кўрсатма берди. Узоқ қишлоқлардаги мактабларга ўқитувчиларни жалб этиш учун уларга уй-жой, автотранспорт учун кредит бериш ҳам режага киритилди.

Натижада, тизимга эркак ўқитувчилар қайта бошлади. Ўтган йили ЮНИСЕФнинг UReport лойиҳаси ўтказган сўровга кўра, ёшларимизнинг аксариятида ўқитувчи касбини эгаллаш иштиёқи қайта уйғонди. Уч йил олдин ўтказилган сўровда эса аксарият ёшлар ўқитувчи бўлмоқчи эмасди. Энг ачинарлиси, ўқитувчилар ўз ҳаётининг машаққатларини инобатга олиб фарзандларини ўқитувчи бўлишини исташмас эди.

Куни кеча бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиш – тарихий йиғилиш бўлди, деб айтсам бўлади. Унда нафақат таълим соҳасига масъул раҳбарлар, балки шу соҳада фаолият юритаётган директор ва ўқитувчилар ҳам илк бора иштирок этди.

Йиғилишда Президентимиз ҳокимиятлар, вазирлик, ҳудудлардаги халқ таълими бошқармалари ва бўлимлари, директор, ўқитувчиларнинг вазифаларини аниқ белгилаб берди.

Эндиликда маҳаллий ҳокимлар мактаб бино ва иншоотларининг ҳолати, уларнинг жиҳозланишига жавобгар бўлади. Авваллари мактаб ҳолатига қўшимча ёрдам берилмаганига фақат директор ва ўқитувчилар жавобгар бўлган. Комиссиялар ёрдам бермасдан, фақат муаммо топиб, мактабни таъмирлашни талаб қилган. Бу эса ўқитувчиларни таъмирлаш ишлари билан овора бўлиши ҳамда ота-оналардан ортиқча пул йиғимларини сўрашига сабаб бўлган. 

Энди мактабларни таъмирлаш ва уларда етарли шароитлар яратишга ҳокимлар шахсан жавобгар эканлиги аниқ белгиланди. Биронта ўқитувчи ёки халқ таълими тизими ходимларининг бу каби ишлар билан чалғитиб, овора қилмаслик бўйича аниқ вазифа юкланди.

Халқ таълими вазирлиги, тизим ходимлари, ўқитувчиларга ўзларининг асосий вақтларини, куч, билим ва ғайратларини таълим сифатини таъминлаш, фарзандларимизни билимли, ватанпарвар ҳамда жаҳон бозорида рақобатбардош мутахассислар бўлиб етишиб чиқишига сарфлашлиги кераклиги, қурилиш таъмирлаш каби масалалар билан овора бўлиб, чалғимаслиги топширилди.

Йиғилишда кўрилган яна бир муҳим масала бу оиладаги таълим-тарбия, ота-оналарнинг масъулияти ва ўқитувчилар билан ҳамкорлигига ҳам эътибор қаратилди. Шу билан бирга сўнгги пайтларда баъзи ота-оналар фарзандларининг таълим-тарбия олиши учун масъул эканлигини унутиб қўйгани таъкидланди. Улар бу масалани ҳам мактаб ўқитувчиларига юклаб қўйишди.

Юртбошимиз мактабларга пулни аямаслик кераклиги ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Албатта, мактабларни ривожлантиришда мамлакатимиз иқтисодиётидан келиб чиқиб, маблағ ажратилади. Мактаб фақат чиройли иморат ва жиҳоз дегани эмас. Биринчи навбатда у ердаги ўқитувчининг фидоийлиги ва савиясидир. Шунинг учун ҳам, Президентимиз, энг аввало, ўқитувчини барча бўғиндаги раҳбарлар ҳурмат қилиши ва доимо уларга ёрдам бериши муҳимлигини бир неча бор таъкидлади. Раҳбарларга ўзлари бирор мактабни оталиққа олиб, уни энг намунавий масканга айлантириш чораларини кўриш ҳам топширилди. Нафақат моддий томондан, балки у ерда ўқиётган ўқувчиларни ҳақиқий ватанпарвар Ўзбекистон фуқароси қилиб тарбия қилишга ўз ҳиссаларини қўшишга чорланди.

Мактаб таълими юртимиз, қолаверса, барчамизнинг келажагимизни белгилаб берувчи соҳа бўлгани боис аввалги йиллардаги камчиликларни бартараф этиш ҳамда мамлакатимизни ривожлантириш учун барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, таълим тизимини кўтаришимиз керак! Фақат биргаликда ҳаракат қилсак, кўзланган мақсадларга эриша оламиз. Муаммоларни ечимини топишга ҳаракат қилиб, ёрдам бериш ўрнига фақат уларни кўрсатиб, айбдор қидириш билан овора бўлсак, мамлакат сифатида дунё бозоридаги рақобатбардошлигимизни йўқотамиз. Шунинг учун ҳам мактаб масаласи Президентимиз таъкидлаганидек, мамлакатимиз учун ҳаёт–мамот масаласи бўлиши керак!

Ўзбекистон Республикаси
Халқ таълими вазири
Шерзод Шерматов

(“Hurriyat” газетасининг 2019 йил 28 авгутсдаги 26-27-сони)

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100031, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 14-уй.
Телефон: (+99871)215-52-81, факс: (+99895)479-99-08 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 33

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.